18 май куни Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг дастлабки оммавий жойлаштирилиши (IPO)га бағишланган расмий маросим бўлиб ўтади. Ушбу воқеа мамлакат молия секторини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги иштирокини кенгайтиришда муҳим босқич бўлади.
Жамғарманинг дунёнинг энг йирик биржаларидан бирига чиқиши мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Бу ислоҳотлар очиқлик, шаффофликни ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган.
IPO хорижий инвестицияларни жалб қилиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий стандартларини жорий этиш ва халқаро ҳамкорларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимов ва бошқа расмий шахслар иштирок этиши хабар қилинмоқда.
Тадбир якунлари бўйича қўшимча маълумот кейинроқ эълон қилинади.

