Апрель ойида бизнеснинг жорий ҳолати бўйича индекс сезиларли ошди. Бу тадбиркорларнинг кутилмалари ва амалдаги ҳолат ўртасидаги фарқ камайганини кўрсатади. Реал секторда фаоллик юқори бўлиб, кутилмалар индекси 68 бандни ташкил этди. Бу ҳозирги бизнес ҳолати баҳосидан, яъни 53 банддан юқори.
2026 йил 12 май, Тошкент. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистондаги бизнес муҳити бўйича таҳлил натижаларини тақдим этди. Таҳлил республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида тайёрланган.
Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитининг умумий индикатори шакллантирилди. У тадбиркорларнинг бизнеснинг ҳозирги ҳолатига берган баҳосини ҳамда яқин уч ой учун кутилмаларини акс эттиради.
Ўзбекистонда бизнес муҳитининг умумий динамикаси
Апрель якунларига кўра, бизнес муҳити умумий индекси 60 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 3 бандга, жорий йил март ойига нисбатан эса 4 бандга юқори. Индекс 50 банддан юқори бўлгани бизнес муҳитида ижобий кайфият сақланаётганини кўрсатади.
Умумий индекснинг ўсиши асосан тадбиркорларнинг ҳозирги бизнес ҳолатига берган баҳолари яхшилангани билан боғлиқ. Жорий ҳолат индекси 53 бандни ташкил этиб, ўтган йил апрель ойига нисбатан 12 бандга ошди. Шу билан бирга, яқин уч ой учун бизнес кутилмалари индекси 6 бандга пасайиб, 68 бандни ташкил этди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич ҳали ҳам юқори оптимизм даражасини англатади.
Сўров натижалари бизнес фаоллигида ижобий ўзгаришлар давом этаётганини кўрсатмоқда. Сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолатини “яхши” деб баҳолаган тадбиркорлар улуши 37%ни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 36% эди. Товар ва хизматларга талаб ошганини билдирганлар улуши эса бир ой аввалги 36%дан 40%га кўтарилди.
Бандлик соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Сўнгги уч ойда ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 23%ни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 21% эди. Яқин чоракда ходимлар сонини яна кўпайтиришни 58% корхона режалаштирмоқда.
Бизнес муҳити индексининг тармоқлар кесимидаги динамикаси
Тармоқлар кесимида бизнес муҳити ўтган йилга нисбатан иқтисодиётнинг барча асосий соҳаларида яхшиланган.
Саноат соҳасида бизнес муҳити индекси йиллик ҳисобда 5 бандга ошиб, 65 бандни ташкил этди. Тармоқда талаб ва бандлик бўйича баҳолар ўтган йилги даражада барқарор сақланмоқда. Сўнгги уч ойда маҳсулотларга талаб ошганини саноат корхоналарининг 31%и билдирган. Бу кўрсаткич 2025 йил апрелида ҳам 31% бўлган. Ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 19%ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридаги даражага мос келди. Саноатда нархлар бўйича кутилмалар эса ўтган йил апрелига нисбатан 7 фоиз бандга камайиб, 20%ни ташкил этди.
Қурилиш соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 17 бандга ошиб, 68 бандга етди. Ижобий динамика сектордаги операцион кўрсаткичлар ўсиши билан ҳам тасдиқланмоқда. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг 43%и қайд этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 34% эди.
Қурилиш ишлари ва хизматларига талаб ошганини респондентларнинг 48%и билдирган. Бу ўтган йил апрелига нисбатан 14 фоиз бандга юқори. Ходимлар сонини кўпайтирган корхоналар улуши 37%ни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 27% бўлган.
Қишлоқ хўжалигида индекс ўтган йил апрелига нисбатан 2 бандга ошиб, 63 бандни ташкил этди. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини аграр сектордаги тадбиркорларнинг 47%и билдирган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 40% эди.
Маҳсулотларига талаб ошганини қишлоқ хўжалиги вакилларининг 40%и қайд этган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 7 фоиз бандга юқори. Аграр сектордаги респондентларнинг 44%и ҳозирги иш ҳолатини “яхши” деб баҳолаган.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси мўътадил ўсиш кўрсатиб, 56 бандни ташкил этди. Сектордаги тадбиркорларнинг 45%и ҳозирги бизнес ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 42% бўлган. Сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганини хизматлар соҳаси вакилларининг 35%и билдирган.
Тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқлар
Сўров натижалари тадбиркорлик фаолиятида тўсиқларга дуч келаётганлар сони камайганини кўрсатмоқда. Ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирган респондентлар улуши март ойидаги 52%дан 60%га ошди.
Энг кам муаммо қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида қайд этилди. Ушбу соҳаларда тўсиқлар йўқлигини мос равишда 65% ва 61% респондент билдирган.
Шу билан бирга, ўтган ойга нисбатан кредит олиш, электр таъминоти, транспорт ва логистика билан боғлиқ қийинчиликларни қайд этган тадбиркорлар улуши камайди. Аксинча, ер ресурсларидан фойдаланиш, коммунал хизматлар нархи ва солиқ ставкалари билан боғлиқ айрим масалаларни кўрсатганлар улуши бироз ошди.
Тармоқлар кесимида тўсиқлар турлича намоён бўлмоқда. Қишлоқ хўжалигида сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни қайд этганлар улуши 8 фоиз бандга ошиб, 15%га етди. Коммунал хизматлар нархи бўйича муаммолар ҳам 8 фоиз бандга ошиб, 11%ни ташкил этди.
Саноат ва қурилиш соҳаларида солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ тўсиқлар кўпроқ қайд этилди. Бу кўрсаткич 6 фоиз бандга ошиб, саноатда 13%ни, қурилишда эса 17%ни ташкил этди.
Шу билан бирга, айрим соҳаларда молиявий тўсиқлар аҳамияти пасайган. Саноатда кредит олишдаги қийинчиликларни қайд этганлар улуши 2 фоиз бандга камайиб, 9%ни ташкил этди. Хизматлар соҳасида солиқ маъмурчилиги ва бошқа молиявий қийинчиликларни тилга олганлар улуши 1 фоиз бандга камайиб, мос равишда 13% ва 7% бўлди.
Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси

