Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева замонавий санъат бўйича 61-Венеция биенналеси доирасида Палаццо Франкеттида ўтаётган ўзбек рассоми Вячеслав Ахуновнинг “Instruments of the Mind” (“Ақл инструментлари”) номли шахсий кўргазмаси очилишида иштирок этди.
Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўз саҳифасида маълум қилиб, Ахунов ижодининг замонавий концептуал санъатдаги аҳамиятини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, кўргазма муаллифнинг кенг қамровли бадиий тафаккурини акс эттиради ва қарийб беш ўн йиллик ижодий фаолиятини қамраб олади. Экспозициядан 1970-йилларга оид, илгари оммага намойиш этилмаган асарлар ҳам ўрин олган.
Саида Мирзиёева ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг бадиий салоҳияти халқаро аудиторияда қизиқиш уйғотаётганининг яна бир намунаси эканини ва замонавий ўзбек маданиятини жаҳон арт саҳнасида тарғиб қилишга хизмат қилаётганини қайд этди.

