3.7 C
Узбекистан
Вторник, 3 февраля, 2026

АҚШ Ҳиндистон учун божларни 18 фоизга туширади, Деҳли эса Россия нефтидан воз кечишга рози бўлди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,350участниковПодписаться
- Advertisement -

АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида янги савдо келишувига эришилди. Унга кўра, АҚШ Ҳиндистондан олиб кириладиган товарларга қўлланилаётган бож ставкаларини 50 фоиздан 18 фоизгача пасайтиради. Бунга жавобан Ҳиндистон Россиядан нефть харид қилишни тўхтатиш ҳамда АҚШ билан савдода тўсиқларни қисқартириш мажбуриятини олди. Бу ҳақда 2 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқотдан сўнг маълум қилди. Трампнинг таъкидлашича, эндиликда Ҳиндистон нефть ва энергетика маҳсулотларини асосан АҚШдан, шунингдек эҳтимолан Венесуэладан харид қилади.

Оқ уй расмийси Reuters агентлигига маълум қилишича, АҚШ Ҳиндистонга нисбатан жорий этилган қўшимча 25 фоизлик жазо тариқасидаги божни бекор қилади. Ушбу бож Россия нефтини харид қилиш билан боғлиқ сабабларга кўра жорий этилган бўлиб, у аввалдан амал қилган 25 фоизлик «ўзаро» божга қўшимча эди. Янги келишув натижасида Ҳиндистон товарлари учун умумий бож даражаси 18 фоиз этиб белгиланади.

Янгилик Ҳиндистон молия бозорларида ижобий кайфиятни кучайтирди. АҚШда рўйхатдан ўтган йирик ҳинд компаниялари акциялари қимматлашди. Хусусан, Infosys акциялари 4,3 фоизга, Wipro — 6,8 фоизга, HDFC Bank — 4,4 фоизга ошди. iShares MSCI India индекс фонди ҳам 3 фоиз ўсиш қайд этди.

Трамп, шунингдек, Ҳиндистон АҚШ маҳсулотларини анча катта ҳажмда харид қилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Деҳли 500 миллиард доллардан ортиқ қийматда АҚШ энергетика маҳсулотлари, жумладан кўмир, шунингдек технология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа товарларни сотиб олади. Президентнинг таъкидлашича, Ҳиндистон АҚШга нисбатан тариф ва нотариф тўсиқларни ҳам босқичма-босқич камайтиришни режалаштирмоқда.

Бироқ келишув тафсилотлари ҳали тўлиқ очиқланмади. Хусусан, янги бож ставкалари қачондан кучга кириши, Ҳиндистон Россия нефтидан қайси муддатда тўлиқ воз кечиши, шунингдек қайси АҚШ маҳсулотлари харид қилиниши аниқ эмас. Айни пайтгача Оқ уй томонидан расмий фармон ёки Федерал реестрда тегишли ҳужжат эълон қилинмаган. Ҳиндистоннинг савдо ва ташқи ишлар вазирликлари ҳам ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Иқтисодчилар фикрича, ушбу келишув Ҳиндистонни Осиёдаги бошқа йирик савдо ҳамкорлари — Япония ва Жанубий Корея билан бир хил тариф диапазонига яқинлаштиради. Emkay Global компанияси иқтисодчиси Мадхави Арорага кўра, бу қарор Ҳиндистон экспортига тушаётган ортиқча босимни камайтиради ва миллий валюта — рупий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумот учун, АҚШ томонидан божлар оширилганидан сўнг Ҳиндистон бозорлари 2025 йилда ривожланаётган мамлакатлар орасида энг ёмон кўрсаткични қайд этган, хорижий инвесторлар чиқиб кетиши рекорд даражага етган эди.

АҚШ бизнес доиралари келишувни эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда. АҚШ Савдо палатаси баёнотида ушбу қарор Ҳиндистон билан тўлиқ савдо келишувига олиб борувчи дастлабки қадам экани таъкидланди. Шу билан бирга, «We Pay the Tariffs» деб номланган 800 дан ортиқ кичик бизнесни бирлаштирган коалиция келишувни танқид қилди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда АҚШда Ҳиндистон товарларига божлар 2–3 фоиз атрофида бўлган, ҳозир эса 18 фоизгача ошмоқда ва бу америкалик бизнес учун юклама экани таъкидланмоқда.

Ҳиндистон раҳбарияти эса келишувни ижобий баҳолади. Бош вазир Нарендра Моди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун божлар пасайтирилганини олқишлади ва АҚШ президентига миннатдорлик билдирди. Савдо вазири Пиюш Гоялнинг таъкидлашича, ушбу келишув икки давлат иқтисодиётини янада яқинлаштиради ва технологиялар алмашинуви учун янги имкониятлар очади.

Янги келишув Ҳиндистоннинг Европа Иттифоқи билан имзолаган савдо шартномасидан кўп ўтмай амалга оширилди. Ушбу шартнома доирасида товар айирбошлашнинг деярли 97 фоизи бўйича тарифлар камайтирилиши кўзда тутилган.

Энергетика масаласида эса Ҳиндистон олдида мураккаб танлов турибди. Мамлакат нефть эҳтиёжининг қарийб 90 фоизини импорт ҳисобидан қоплайди. 2022 йилдан бери арзон Россия нефти импорт харажатларини камайтиришга ёрдам берган. Бироқ сўнгги ойларда Ҳиндистон Россиядан нефть харидини қисқартиришни бошлади. Reuters маълумотларига кўра, январь ойида импорт 1,2 миллион баррелни ташкил этган бўлса, февраль ва март ойларида бу кўрсаткич яна пасайиши кутилмоқда.

Янги келишув АҚШ, Ҳиндистон ва глобал энергетика бозоридаги мувозанатга қандай таъсир кўрсатиши эса яқин ойларда аён бўлади.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

4 феврал кунига об-ҳаво прогнози

Эртага, 4 феврал куни мамлакатимизда ҳаво ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ёмғир ва туман кузатилиши мумкин. Пойтахтимиз Тошкентда тунги ҳарорат...

Больше похожих статей

×