2026-йил 9 январда қабул қилинган 8-сонли қарори билан “Олий таълим ташкилотлари талабаларининг буюртмачилар билан ҳамкорлигини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Янги низомга мувофиқ, бакалавриат йўналишида иккинчи ва ундан юқори курсларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш учун шартнома тўловларини иш берувчилар томонидан қоплаб бериш ҳамда таълим якунланганидан сўнг уларни ишга қабул қилиш механизми белгиланди.
Ҳужжатга кўра, олий таълим ташкилотлари, талабалар ва буюртмачилар ўртасида уч томонлама шартномалар тузилади. Бунда ишчилар сони 50 нафардан ортиқ бўлган ёки қиймати камида 1 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларига эга вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар буюртмачи сифатида иштирок этиши мумкин.
Талабалар ҳар йили 20 сентябрга қадар саралашда иштирок этиш учун олий таълим ташкилотига электрон ариза тақдим этади. Аризага жорий ўзлаштириш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотнома илова қилинади. Танловда қатнашиш учун талабгорларнинг жорий ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи камида 3 йоки ундан юқори бўлиши шарт.
Саралаш ишлари ҳар йили 15 октябрга қадар танлов комиссияси томонидан суҳбат асосида ўтказилади. Талабгорларни танлаб олишда буюртмачи ташкилот вакилининг хулосаси асосий мезон ҳисобланади.
Низомга мувофиқ, уч томонлама шартнома тузган ва таълимни муваффақиятли якунлаган талабалар ўқишни тугатгандан сўнг буюртмачи корхона ёки ташкилотга белгиланган тартибда ишга қабул қилинади.

