Яхши қўшни қариндошдан ҳам яқин, нақли бежиз айтилмаган. Жанубдаги қўшнимиз Ўзбекистон жорий йили Қозоғистонга 4,7 млрд куб сув берди. Жазирама ёз мавсумида июль ойининг ўртасида минглаган гектар майдонлардаги экинлар учун сув танқислиги сезилмади. Айниқса, “жанубнинг юраги” дея таъриф берилган мирзачўллик деҳқонлар жорий йили сувга ғарқ бўлди. Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган Қизилўрда минтақасига ҳам етарлича сув етиб борди. Бу эса гуруч далаларининг қониб суғорилишига замин ҳозирлади. Ва энг асосийси, Сирдарёнинг суви Оролнинг шимолий қисмига мунтазам қуйилиб турди.
Бу хурсандчиликларнинг барчаси Сирдарёнинг юқори қисмида жойлашган қирғиз ва ўзбек қондошларимизнинг хайрихоҳлиги билан амалга ошганини тилга олмай бўлмас. Бу, албатта, республикамизда янгидан ташкил этилган ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги самарали фаолиятининг инъикосидир. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон республикалараро сувни мувофиқлаштириш комиссиясининг 86-мажлисида трансчегаравий дарёларни биргаликда фойдаланиш бўйича муҳим келишувга эришилди.
Бу йиғинда ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ўзбекистондан келган ҳамкасби билан суғориш мавсумида сув бериш масаласини ижобий ҳал этди. Бу келишимга мувофиқ, жорий йили Қозоғистонга давлатлараро “Дўстлик” канали орқали 922 млн куб сув берилади. Суғориш мавсуми ниҳоясигача Ўзбекистон Қозоғистонга яна 1 млрд куб сув юбориши кутилмоқда. Бу эса юртимизнинг жанубий минтақаларидаги деҳқонларнинг сувга эҳтиёжини тўлиқ қондиришга имкон беради. ЎзР Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Қирғизистондаги “Тўқтагул” сув омборидан келадиган сувдан тежамли фойдаланиш бўйича ҳам зарур келишувларга эришилганини таъкидлади. У “Ҳозир “Тўқтағул”да сув ўтган йилга нисбатан 500 млн кубга кам. Шунинг учун олдимиздаги вегетация даврида сув танқислигига учрамаслик учун амалий ишларга кўчишимиз керак. Умуман олганда, сувдан унумли фойдаланиш бўйича эришилган келишувлар ижобий ечим топмоқда”, дея тилга олди. Республикалараро сувни мувофиқлаштириш комиссиясининг 86-мажлисида ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов: “Икки мамлакат раҳбарларининг топшириғига биноан, биз сувдан унумли фойдаланиш, трансчегаравий дарёлар ва Сирдарё дарёсидан биргаликда фойдаланиш бўйича шартнома лойиҳасини ҳозирламоқдамиз. Шартноманинг қатор қисмлари бўйича келишувга эришилди. Куни кеча икки давлат премьер-министрлари бу ишларни тезлатиш бўйича топширмалар берди. Ҳозир шунинг устида иш олиб боряпмиз”, деди.
Бугун вазирлик фаолиятининг амалий ифодасини кўрмоқдамиз. ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов ўзбекистонлик ҳамкасби билан ярим йил ичида Қозоғистонга Сирдарё дарёси орқали 3,7 млрд куб сув юбориш тўғрисида келишувга эришган эди. Амалда эса Ўзбекистон бу сув миқдорини 4 ой ичида юбориб берди. Суғориш мавсумининг сўнггига қадар улар яна 1 млрд куб сув юбориши кутилмоқда. Бу эса юртимизнинг жанубий минтақаларидаги деҳқонларнинг сувга эҳтиёжини тўлиқ қондиришга имкон беради. Ўз навбатида Чордара сув омборидан Сирдарё дарёсининг қуйи оқимига 3,6 млрд куб сув юборилди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 950 млн куб ортиқ, демакдир. “Қизилқум” каналига эса 700 млн метр куб сув, Орол денгизининг шимолий қисмига 400 млн куб метр сув юборилди. Икки давлат мутасадди ташкилотлари келишилган шартномага тўлиқ амал қилишди. Айни дамда Сирдарё дарёси ҳамда “Арнасой” ва “Дўстлик” каналларида етарлича сув мавжуд. Бу йил деҳқонлар жазирама ёз фаслида ерости сувлари тортилиб, экинлар қурғаши қийинчиликларини бошидан кечиргани йўқ. Қўшниларимиз билан “Тўқтағул” ва “Баҳри Тожик” сув омборларининг иш жадвали борасида ҳам олдиндан эришилган келишувлар натижасида республикалараро “Дўстлик” каналининг Қозоғистон қисмига ҳам сув мунтазам равишда оқмоқда.
Бу Туркистон вилояти деҳқонларини суғормали сув билан тўлиқ таъминлаш учун етарли. Қозоғистон “Дўстлик” канали орқали қўшни ўзбек элидан сувни тўлиқ миқдорда олмоқда. Бу эса яна қўшимча 100 минг гектар экин далаларини суғоришга имкон беради. Мамлакатимиз 2030 йилга бориб суғормали ерлар кўламини 2,5 млн гектаргача кенгайтиришни мўлжалламоқда. Бунга “Ўрта Осиё мамлакатлари орасида сув-энергетик ҳамкорлик дастакларини қуриш тўғрисида” шартномаси асос бўла олади. Узун сўзнинг индаллоси – Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган қондош эллар орасидаги ҳамкорлик ўзаро тараққиёт кафилидир.