Грузия Конституциявий суди мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга қарши даъволарни кўриб чиқишни бошлади. Даъвогарлар Грузия президенти, нодавлат ташкилотлар, мухолифат депутатлари ва медиаташкилотлар ҳисобланади.
Грузия Конституциявий суди «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга қарши даъволарни кўриб чиқишни бошлади, деб хабар бермоқда News Georgia портали.
Даъволар Грузия президенти Саломе Зурабишвили, юздан ортиқ нодавлат ташкилотлар, Грузия парламентининг 38 нафар мухолифат депутати ва журналистик суриштирувга ихтисослашган икки медиа ташкилоти томонидан берилган. Уларнинг мурожаатлари бир процессга бирлаштирилди.
Барча даъвогарларнинг фикрича, қонун Грузия Конституциясининг турли қоидаларига зид келади, фуқаролик ташкилотлари ва ОАВнинг «стигматизациясига олиб келади», уларнинг ишига аралашади ва уларнинг тугатилишига олиб келиши мумкин.