Самарқанд шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўлланма олиш мақсадида келган ишсизлар улар бундан бир неча кун аввал ишга қабул қилинганлиги сабабли жамоат ишларига жалб қилиниши мумкин эмаслигини эшитиб, ҳайрон бўлишди. Улар ҳеч бир корхона улардан ишга қабул қилиш учун ариза ёздирмагани, ишга кириш ҳақида буйруқ чиқармаганлигини айтиб, масалага ойдинлик киритишни талаб қилишди.
Моҳигул Насимова ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ҳисобидан Боғимайдон маҳалласида котиб вазифасида ишлаб келаётган эди. Июль ойи учун йўлланма олиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига келганида, эшитган янгилигидан ҳангу манг бўлиб қолди. Гўёки у 29 июнда “Umed savdo baraka plus” МЧЖ томонидан сотувчи-кассир лавозимига ишга қабул қилинган экан.
“Мен бундан мутлақо бехабар эдим. Ҳеч қаерга иш қидириб борганим йўқ эди ва бундай корхона борлигидан бехабарман. Ким қайси мақсадда бу ишга қўл урган бўлса ҳам менга ва оиламга катта жабр қилибди”, – дейди М.Насимова.
Суҳбатдошим икки фарзандни вояга етказмоқда, ногиронлиги бор. Кимларнидир жинояткорона хатоси учун ҳақ тўланадиган жамоат ишига қабул қилинмади. У қаттиқ изтиробда. Энди маош олмайди, рўзғори нима бўлади, тирикчилиги қандай ўтади?
М.Насимова масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига борди. Аммо бу ердагилар унга қандай қилиб “Umed savdo baraka plus” МЧЖга ишга қабул қилинганлигини айтиб беришолмади.
Гапнинг бу ёғини унинг ўзидан эшитинг: “Нима қилишимни билмасдан бўлим биносида турганимда, кўзим шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Дилшод Ҳабибуллаевга тушди. Мен тезда у томон юриб, бўлган воқеани айтмоқчи ва рўй берган қонунсизликнинг сабабини сўрамоқчи эдим. Аммо бўлимнинг икки ходими йўлимни тўсиб, уларнинг бевосита менинг ишимга дахлдор бўлган бошлиқларига арз қилишимга йўл беришмади”.
Ўз-ўзидан савол туғилади: агар шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбарию ходимлари “камбағалликка қарши курашишнинг самарқандча усули”га дахли бўлмаса, ўз раҳбарларига бу ҳақда хабар бермоқчи бўлган, ишсиз ва маошсиз қолган ногиронлиги бор аёлнинг йўлини тўсар эдими? Улар аксинча муммо айбдорларини топишга, адолатни тиклашга интилмасмиди?
Шундай экан, тегишли ташкилотлар, жумладан шаҳар прокуратураси, адлия органи бу ишда бундан бир ярим ой аввал мазкур бўлимга бошлиқ бўлиб келган, бунгача шаҳардаги Сайхун маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаган Беҳруз Юсупов, унинг ходимлари ва, қолаверса Д.Ҳабибуллаев қанчалик дахлдорлигини текширишлари ва ҳолат бўйича кенг жамоатчиликка ахборот беришлари муҳим. Чунки бундай қонунбузарликка йўл қўйганлар шаҳар, катта умид билан давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилган ташкилот, яъни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, қолаверса мамлакат бедарвоза эмаслигини англаб етсин. Бундайлар жазоланганда, “ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар” деган гап шиор бўлмасдан, амалда юртимизда қонун устуворлигини намойиш этишини намойиш этади, оддий одамларнинг қонунга ҳурмати ошади.
Агар бўлимдагилар ёки улар бошида турганлар ишсизларнинг самарқандча усулда “ишга жойлаштириш”да дахлдор бўлмаса, қандай қилиб адолатсизликка қарши бош кўтарган, ҳақиқат излаб “охиригача бораман” деган М.Насимованинг “Umed savdo baraka plus” МЧЖ билан меҳнат шартномаси ўша заҳотиёқ бекор қилинди. Бу ҳақда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ИДАК)да хабар берилган.
М.Насимова Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали ўзи ҳақида маълумот излаганда, жорий йилнинг 20 апрелидан 20 майигача “Тайлоқ ипаги” МЧЖда пиллачи-буғловчи лавозимида ишлаганидан хабар топди. Бундай аҳволга тушган унинг бир ўзи эмас экан. Улар камида 150 нафар бўлиб, аксарияти ногирон, “Темир дафтар” ёки “Аёллар дафтари”да турган ишсизлар экан. Фақатгина “Samarkand viktoriya stroy” хусусий корхонаси ишга қабул қилинган 74 кишидан 44 нафари ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларида банд бўлган. Натижада уларнинг ҳеч бири жамоатчилик ишига қабул қилинмади ва ишидан, озгина бўлса ҳам оладиган маошидан маҳрум бўлди.
Бундай бедодлик, ўзибўларчилик, қонунбузарлик кўплар қатори Ширин МФЙ раиси Файзулла Саидовнинг ҳам фиғонинин чиқарди. Унинг сўзларига қараганда, маҳалладан икки киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларида банд бўлган.
“Уларнинг маҳалла ишларига ёрдами тегарди. Улардан бири Нодира Отабоева ўзи билмаган ҳолда икки жойга “ишга қабул қилинган” экан. Тушунтириш хатида уқтирганидек, жорий йилнинг 13 июнида “Тойлоқ ипаги” МЧЖ, 29 июнда эса “Samarkand viktoriya stroy” хусусий корхонаси уни “ишга жойлаштирган” экан. У бу корхоналар қаерда жойлашганин билмаслигини, уни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига қабул қилишларини сўрайди”, – дейди Ф.Саидов.
Фақатгина қоғозда ишсизлар сонининг камайишидан ким манфаатдор? Нега Самарқандда бундай қонунсизликка йўл қўйилди? Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ўзининг бир ойлик фаолияти кўрсатгичи – KPIни яхшилаш, шу йўл билан маошига устама олиш ва раҳбарларидан гап эшитмаслик учун бу ишга қўл урган бўлиши мумкинми? Ёки (ва) шаҳар мутасаддилари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимидагилар ишсизларни “ишга жойлаштиришдаги улкан ютуқлари”билан мақтаниш учун турли корхоналарни бунга мажбур қилганми? Бу саволларга тегишли органлар жавоб топади ва ҳақиқат барқарор бўлишига эришилади деган умиддамиз. Буни амалда ишсиз, маошсиз қолганлар талаби сифатида ҳам қабул қилиниши лозим.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз