9.7 C
Узбекистан
Понедельник, 25 ноября, 2024

Солиқларни тўлаш мамлакат тараққиётига қандай таъсир қилади?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири бу яширин иқтисодиётдир. Яширин иқтисодиёт моҳиятига  кўра, фуқароларининг солиқларни тўлашдан бўйин товлаши, шу сабабли давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг заифлашиши натижасидир.

Шундай қилиб, яширин иқтисодиёт жамият ва давлатга рақобат муҳитининг бузилиши, маҳсулот сифати ва миқдорининг пасайиши, давлат бюджетига солиқ тушумларининг қисқариши, шунингдек, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши каби салбий таъсирларни кўрсатади.

Яширин иқтисодиётнинг салбий таъсирини яққол кўрсатиш учун 10 кишилик умумий столни тасаввур қилсак, юқори сифатли дастурхон ёзилиши ҳар бир кишидан 100 минг сўм маблағни талаб қилади, аммо 10 кишидан фақат 5 нафаригина пул ажратса, дастурхон 500 минг сўм қийматга эга бўлган неъматлар билан ёзилади. Натижада, дастурхондаги таомларнинг сифати ва миқдори кутилганидан паст бўлади. Гуруҳдагилардан ярмининг тўловдан бўйин товлаши сифатсиз маҳсулотларнинг олинишига олиб келади. Бу эса табиийки, тўлаганлар томонидан салбий қабул қилинади.

Худди шундай ҳолат солиқлар билан ҳам содир бўлади: агар фуқароларнинг бир қисми  солиқ тўламаса ва давлатдан хизматларни олишда давом этса, доимий равишда солиқ тўлайдиганлар бундан азият чекади ва хизматларнинг умумий сифати кутилганидан паст бўлади. Шунинг учун солиқ тўлаш фуқаронинг ҳуқуқи эмас, балки бурчи ҳисобланади. Яширин иқтисодиётни қисқартиришни фуқароларнинг ихтиёрий равишда соядан чиқиши ва  солиқларни тўлашисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

1-ҳавола. Халқаро тажриба

Бугунги кунда дунёда яширин иқтисодиёт даражаси турли мамлакатларда турлича. Мисол учун, Японияда яширин иқтисодиётнинг улуши анча кам — 8,1 фоиз. Таққослаш учун, АҚШда ушбу кўрсаткич 8 фоиз, Сингапурда – 8,6 фоиз, Австрияда – 9 фоиз, Буюк Британияда – 9,6 фоиз, Германияда – 10,2 фоиз, Канадада – 11 фоиз, Хитойда – 14,5 фоиз, Корея Республикасида – 18,4 фоиз, Португалияда – 18,5 фоиз, Италияда – 19,5 фоиз, Испанияда – 21,7 фоиз  ва Бразилияда – 36,5 фоиз.

Мисол учун, Японияда барча жисмоний шахслар, яъни ушбу мамлакат фуқаролари ҳам, мақоми бўйича резидентларга тенглаштирилган шахсларга ҳам тегишли. Японияда солиқлар фуқаролар учун интизомий омил сифатида жуда муҳим рол ўйнайди.

Солиқ тўловчилар ўз тўлов мажбуриятига жуда жиддий ёндашади. Чунки бу давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига уларнинг шахсий ҳиссасини таъминлашини тушунади. Бундан ташқари, Японияда бюджет даромадларини тақсимлашнинг етарлича шаффоф тизими мавжуд бўлиб, фуқаролар давлат аҳолидан тўпланган маблағлардан қандай фойдаланаётганининг амалий натижаларини бевосита кўриши мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг улуши, турли ҳисоб-китобларга кўра, 40 фоиздан 60 фоизгача ташкил этади. Стратегик ривожланиш агентлиги маълумотларига кўра, 2022-йилда мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида яширин иқтисодиётнинг улуши 48 фоиздан 62 фоизгача бўлган. Шу билан бир қаторда, 2023-йил октябрь ойида Ўзбекистон Либерал демократик партияси Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 40 фоизни ташкил этишини маълум қилди. Уй-жой ва транспорт воситаларининг иккиламчи бозори, норасмий савдо, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳалар мамлакатда яширин иқтисодиёт ривожланишининг асосий омиллари бўлди. 2022-йилда Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳоли сони қарийб 15 миллион кишини ташкил этгани ҳам эътиборга молик. Уларнинг 9 миллионга яқини норасмий секторда банд бўлган. МҲТИ ҳисоб-китобларига кўра, норасмий сектордаги иш ҳақи расмий иш ҳақига тенг бўлган тақдирда, 2022-йилда давлат бюджети солиқ тушумларидан 32,9 триллион сўм олмаган.

2-ҳавола. МДҲ мамлакатларида яширин иқтисодиётнинг улуши.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, 2019-йилда МДҲ давлатлари орасида яширин иқтисодиётнинг энг юқори улуши Украина (қарийб 45 фоиз), Беларусь (44,5 фоиз) ва Тожикистон (43 фоиз) да қайд этилган. Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда яширин секторнинг улуши 38 фоиз атрофида бўлган.

Яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш мақсадида мамлакатимизда бизнес юритиш шартларини соддалаштириш ва рақамли ечимлардан фойдаланишни фаоллаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкасини 2017-йилдаги 5 фоиздан 2022-йилда 1,5 фоизга камайтириш, шунингдек, амалдаги солиқ турларини 13 тадан 9 тага ва солиқ текширувларини 13 тадан 3 тага камайтиришни ўз ичига олади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг тадбиркорлик фаоллиги ошди – рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 2017-йилдаги 229,6 мингтадан 2022-йилда 555,9 мингтага етди, яъни 2,4 баробар ўсди.

Бозор иштирокчиларининг тадбиркор сифатида расман рўйхатдан ўтишини рағбатлантириш ва драйвер сифатида электрон тижоратни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилиши ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2017-йилдаги 0,004 фоиздан 2022-йилда 1,2 фоизга ошириш имконини берди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Heritage Foundation иқтисодий эркинлик индексида, хусусан, “солиқ юки” субиндексидаги ўз ўрнини яхшилади, индекс 2017-йилдаги 90,7 дан 2023-йилда 92,8 га ошди (юқори кўрсаткич яхшироқ), ва «фискал саломатлик» субиндексида — 99,8 дан 85,3 гача (пастроқ кўрсаткич яхшироқ).

Таъкидлаш жоизки, солиқ тўлаш нафақат давлат, балки фуқароларнинг ўзлари учун ҳам фойдали. Бу ҳолат бир неча сабабларга кўра юзага келади:

  • Солиқлар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, хавфсизлик ва инфратузилма каби турли давлат дастурлари ва хизматларини молиялаштиради. Солиқлар, шунингдек, иқтисодиётнинг айрим соҳаларини субсидиялаш орқали ижтимоий аҳамиятга эга хизматлар нархини паст даражада ушлаб туришда ёрдам беради. Масалан, 2023/2024 ўқув йилида Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларида барча таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида ўқитиш нархи ўзгармади. Таълим учун ҳаражатларнинг кўпайиши шароитида шартномалар нархининг сақланиб қолиши давлат бюджети харажатларининг ошиши демакдир.
  • Солиқларни тўлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишга ёрдам берадиган инфратузилма лойиҳалари, тадқиқот, инновациялар ва бошқа тадбирларни молиялаштиради. Бу иш ўринларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва умуман иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
  • Солиқлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, армия ва фуқароларнинг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминловчи бошқа муассасаларни молиялаштиради. Улар тартибни сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам беради.
  • Солиқлар пенсиялар, ишсизлик нафақалари ва камбағалларга ёрдам каби ижтимоий дастурларни молиялаштиради. Бу кўпроқ ҳимояга муҳтож бўлганларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда ёрдам беради.
  • Умуман олганда, солиқларни тўлаш давлат фаолиятининг зарур таркибий қисми бўлиб, фуқароларга жамият бойликларидан фойдаланиш, даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий ўсиш, ҳуқуқ ва хавфсизликни ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби кўплаб имтиёзларни беради.

Ўзбекистон иқтисодиётида яширин сектор улушини янада камайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

1. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрий равишда солиқ тўлашини рағбатлантирувчи омиллардан бири, бунда одамлар ўз бадалларидан оқилона фойдаланилаётганига, солиқ тизими адолатли эканлигига ишонч ҳосил қилишлари учун шаффоф муҳитни таъминлашдан иборат:

— аҳоли солиқ тушумларидан давлат хизматларини, инфратузилмани, ижтимоий дастурларни ва жамиятни ривожлантиришни молиялаштириш учун қандай фойдаланилиши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши керак;

фуқароларга бюджет билан ўзаро алоқада бўлиш, маблағларнинг тақсимланиши ва турли бюджет қарорларининг таъсирини ўрганиш ва давлат харажатлари бўйича мунтазам равишда батафсил ҳисоботларни олиш имконини берувчи онлайн воситалар ёки платформаларни яратиш.

— аҳолини солиқларнинг аҳамияти, уларнинг жамият фаровонлигига қўшаётган ҳиссаси ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш оқибатлари тўғрисида хабардор қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказиш;

2. Яна бир йўналиш бу маърифий аҳамиятга эга бўлган жамоат тадбирларидир. Улар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари жамият фаровонлиги учун солиқларни тўлашнинг муҳимлигини тушунишида муҳим рол ўйнайди. Бу давлат хизматлари, инфратузилма ва ижтимоий дастурларни қўллаб-қувватлаш учун солиқларнинг афзалликларини тушунтирувчи аниқ ва тушунарли материалларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Давлат хизматлари ва солиқ тушумлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар (мактаблар, шифохоналар, йўллар ва бошқа жамоат объектлари) ҳақида аниқ мисоллар келтириш мақсадга мувофиқ.

Аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш учун турли алоқа каналлари, жумладан, ижтимоий тармоқлар, телевидение, радио, газета ва оммавий тадбирларни қўллаш орқали яхши натижага эришиш мумкин.

3. Нотариал идоралар томонидан, хусусан, автомобиллар ва кўчмас мулк олди-сотдиси соҳасидаги ноқонуний савдо операциялари сонини камайтириш:

— шартномалар тузиш жараёнида “Нотариус” автоматлаштирилган ягона ахборот тизимининг жорий солиқ тўловчилар маълумотлар базаси билан интеграциялашуви ҳамда сотувчи ва олувчининг йиллик жами даромадлари тўғрисидаги декларация мавжудлигини текшириш;

— даромадлар ва солиқ тўловлари ўртасида номувофиқлик юзага келган тақдирда, солиқ идорасидан йиллик жами даромадлар тўғрисидаги декларацияни (солиқ қонунчилигига мувофиқлиги тўғрисидаги гувоҳнома) тақдим этишни талаб қилиш;

— муддати ўтган ва тўланмаган солиқлар аниқланган тақдирда солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ амнистиясини қўллаш (солиқларни имтиёзли ставка бўйича ва 6 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти).

Антон Костюченко МҲТИ лойиҳа раҳбари

Одилжон Назаров, МҲТИ етакчи илмий ходими

Абдусаттор Абдумўминов, МҲТИ етакчи илмий ходими

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×