Бугун инсоният яна бир глобал таҳдид қаршисида турибди. Бу — иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар. Унинг асоратлари бутун сайёрамиз аҳолиси саломатлигига жиддий хавф солмоқда.
Аномал иссиқ, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, музликлар эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши… Бундай омиллар Ер шарининг қатор нуқталарида ўлим ҳолатлари ва касалликлар сони ортишига олиб келяпти.
ЖССТ бу борадаги сўнгги таҳлилларни эълон қилди. Унга кўра, кейинги 20 йил ичида 65 ёшдан катта инсонлар ўртасида жазирама ҳароратдан вафот этиш кўрсаткичи 70 фоизга ошган.
Бундан ташқари, тоза ичимлик суви танқислиги 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бирига айланган.
Қолаверса, ҳаво ифлосланиши туфайли келиб чиқадиган хасталиклар ҳар йили 7 миллион нафар кишини ҳаётдан эрта олиб кетмоқда.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, агар вазият ўнгланмаса, келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ омиллар ҳар йили 250 минг кишининг умрига зомин бўлиши мумкин.
Чунки ҳозир уч миллиарддан ортиқ инсон худди шундай экологик мураккаб минтақаларда яшайди.