11.6 C
Узбекистан
Понедельник, 25 ноября, 2024

«The Indian Express» газетаси Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигига бағишланган мақола чоп этди

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

«The Indian Express» газетасида Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигига бағишланган мақолачоп этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди. 

Мақола муаллифи, яқинда Ўзбекистонга бир ҳафталик саёҳат қилган Аакаш Жоши Ўзбекистон шаҳарларининг гўзаллиги, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, жамиятнинг бағрикенглигидан руҳланган, Ўзбекистон ва Ҳиндистон меъморчилик анъаналарида ўхшашлик излаган ва икки мамлакат халқларининг тарихий яқинлиги ҳақида фикр юритган.

Мақолада Ўзбекистон аҳолиси сайёҳлар, айниқса ҳиндистонлик туристларга дўстона муносабат билдириши баён этилган, мамлакат нафақат диққатга сазовор жойлар, балки янги истиқболли йўналишларни излаётган саёҳатчилар манзили бўлиб қолаётгани таъкидланган.

Муаллиф Ўзбекистон саёҳатчилар учун, биринчи навбатда, арзон нархлар ва юқори сифатли хизмат таклиф қилмоқда, деб фикр билдирган. «Бироз тайёргарлик ишлари амалга оширилгач, Деҳлидан Тошкентга ва ортга икки ярим соатлик парвоз сизга Бангалорга саёҳатдан камроқ харажатга тушади. Шунингдек, сайёҳлик визасини олишнинг қулай жараёни жорий этилган, Ҳиндистондагига қараганда анча арзон нархларда шинам бутик меҳмонхоналар мавжуд. «Яндекс такси» иловаси барча шаҳарларда мавжуд ва Ҳиндистондаги «Uber» ва «Ola»га нисбатан яхшироқ ишлайди», — дея ўз тажрибаси билан ўртоқлашади у.

«Ўзбекистон ўзининг бой мероси, меъморчилиги ва тарихи уйғунлиги билан маданият ва гўзаллик ҳар бир инсон учун нақадар муҳим эканини намоён этмоқда», — дейилади мақолада.

«The Indian Express» газетаси журналисти Ўзбекистон ва Ҳиндистондаги тарихий обидаларда ўхшашликни кузатади: «Самарқанддаги Амир Темур мақбараси ва Регистон майдони, Бухородаги Арк, Чор минор ва Калон масжиди ва Ўзбекистонда қад ростлаб турган бошқа кўплаб ёдгорликлар юртимиздаги иншоотларни эслатарди. Албатта, улар бир бирини такрорламайди, лекин ташқи ўхшашликлар мавжуд эди».

Аммо зарур бўлган харажатлар ҳисоб-китоби ва бошқа қулайликлардан ташқари, мамлакатда сарҳадсиз кенг инсоний самимият туйғуси ҳукм сурмоқда. Ҳиндистонлик сайёҳлар ҳам буни ҳис қилиши мумкин, деган фикрни илгари сурган Аакаш Жоши.

«Бу кўп жиҳатдан ҳинд кино саноатининг оммабоплиги билан ҳам боғлиқ, — деб сўз юритади муаллиф. – Агар ҳиндистонлик эканингиз маълум бўлиб қолса, «Шоҳруҳ Хон! Раж Капур! Айшвария Рай!» каби ҳаяжонли сўзларни эшитасиз. Оммабоп сайёҳлик масканларида маҳаллий фуқаролар сиз билан бирга суратга тушишни илтимос қилади».

Нашр мухбири Тошкент, Самарқанд ва Бухорода Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг тарихий яқинлигидан далолат берувчи кўплаб чизгиларни кузатган.

«Тошкент Деҳлидан кичикроқ, — деб ҳикоя қилади у. — Бу ерда теварак-атроф тозаликдан чиннидай ярқирайди, йўл ҳаракати тезроқ ва маданиятлироқ (пиёдалар ҳақиқий устунликка эга). Шаҳар меъморчилигида кўп таниш жиҳатларни кўрасиз, чунки Неру давридаги Ҳиндистонни илҳомлантирган социалистик модернизм белгилари яққол кўзга ташланади. Замонга мослашиш мақсадида бунёд этилган ёрқин бинолар ҳам алоҳида ажралиб туради. Амир Темур хиёбони эътиборга молик иншоотлар билан ўралган. Шаҳар бўйлаб сўлим боғлар, ажойиб театрлар ва музейлар жойлашган. Аммо Тошкентнинг энг ҳақиқий туйғуси унинг метроси ва поездлари билан боғлиқ. Метро бекатлари санъат асарларига ўхшайди. Аммо улар шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари томонидан фойдаланиладиган, тарих ва меъморчиликни, космонавтлар ва шоирларни улуғлайдиган жонли иншоотлардир. Шошқалоқлик ва шовқин-сўрон йўқ. Маданият ва гўзалликдан ҳамма бирдек завқланади».

Самарқанд ва Бухоро ҳам ёрқин рангларда тасвирланган. «Тож Маҳалнинг оқ мармар тошлари муҳаббат ёдгорлиги бўлса, Самарқанддаги мовий жилвали ёдгорликлар ва кенг Регистон майдони илмий ҳиссиётлар ва оқилликдан далолат беради. Бухоро ҳам худди шундай гўзал, лекин у янада сокин, кичик кўллар, ажойиб ичимликлар ва таомлар билан бой».

Муаллифнинг одамларнинг яқин-атрофдаги қўшниларнинг маънавий-диний қадриятларига муносабати, турли миллат вакиллари ўртасидаги бағрикенглик, жамиятнинг тарихий жараёнлар ва ўтмишга нисбатан замонавий қарашлари ҳақидаги кузатишлари ҳам эътиборга молик.

«Мамлакат ҳиндларнинг мусулмонлар ҳақидаги фикрини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Зеро, биргина Самарқанднинг ўзида ўнлаб миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Шаҳар Ипак йўлининг бой меросига эга ва улкан салтанатнинг пойтахти бўлган», — дея таъкидлайди журналист.

У Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳақида сўз юритган, лекин Бобур шахсига алоҳида урғу берган. «Биз тарихий ўзаро алоқалар, бой мерос иншоотлари, ўзига хос таомлар учун қисман бўлса-да миннатдорчилик билдириш керак бўлган инсон — бу бугун тез-тез эсга олинаётган Темурий шаҳзодадир», дея мухбир ўз фикрларини билдиради.

Журналист «Бобур темурийзода бўлган. Унинг шарофати билан Ҳиндистон кенгроқ тарихнинг бир қисмига айланди, қадимий тамаддун янада бойиди», — деб таъкидлаган «The Indian Express» журналисти.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Жорий йилнинг 9 ойида хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 1,6 баробар ошди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2024-йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудларда асосий капиталга инвестициялар...

Больше похожих статей

×