Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини тезкор интернет ҳамда сифатли алоқа билан таъминлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Республика ОАВда мазкур натижалар етарлича ёритилганлиги сабабли, мен мазкур мақоламда уларга тўхталмасликни лозим топдим. Лекин шунга қарамасдан, аҳолини сифатли интернет ва алоқа билан таъминлашда бизда муаммо борлигини ҳам ҳаммамиз биламиз. Хўш, бу муаммо нимадан иборат?
Мамлакатимизнинг каттаю кичик шаҳарларида, туман ҳудудларининг аксарият қисмида интернет ва телефон алоқаси билан боғлиқ муаммолар йўқ. Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолида бундай муаммо мавжуд эмас, уларда кўплаб оператор ва провайдерлар ичидан ўзларига мақбул бўлганларини танлаш имкониятлари ҳам бор. Лекин мамлакатимизнинг айрим олис ва чекка ҳудудларида телекоммуникация инфратузилмаси етиб бормаган жойларда интернет ва алоқада муаммолар бор. Бундай ҳудудлар, албатта, кўп эмас. Демак, мазкур масала ҳам ўз ечимини топиши зарур. “Унинг ечими қандай бўлади?» деган савол ўз ўзидан пайдо бўлади. Иқтисодий жиҳатдан ҳисоб-китоблар ҳамда хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бундай муаммонинг энг мақбул ечими бу йўлдош алоқа тизимларидан ушбу ҳудудларда фойдаланишни йўлга қўйишдир.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бир нечта ҳужжатлар қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатларга асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш бўйича йиғим ва давлат божлари миқдорларини камайтириш ҳамда уларни тўлаш тартибини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Дунёда йўлдош алоқа тармоқларининг жадал суръатлар билан ривожланиб бориши, мазкур соҳада янги технологияларнинг жорий этилиши олис ва чекка ҳудудларни интернет ҳамда алоқа қамрови билан таъминлаш бўйича янги технологик имкониятларни яратмоқда.
Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда маҳаллий йўлдош алоқа тармоғининг етарли даражада йўлга қўйилмаслиги натижасида республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида интернет ва алоқа қамровини таъминлашда бир қатор қийинчиликлар вужудга келмоқда. Бироқ маҳаллий йўлдош алоқа тармоғининг кенг кўламда йўлга қўйилишига ушбу алоқа тармоғи учун қонунчиликка асосан, халқаро телекоммуникация тармоқлари учун катта миқдорда давлат божи тўланиши зарурлиги, олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги ривожига тўсиқ бўлмоқда. Мазкур масалани ҳал этиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, шу кунларда фракцияларда муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Қонун лойиҳасида маҳаллий йўлдош алоқа тармоғини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш учун мавжуд давлат божларини камайтириш орқали маҳаллий йўлдош алоқа турларини кўпайтириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятларни яратиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган нормалар маҳаллий йўлдош алоқанинг янада ривожланишига ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун кенг кўламли имкониятлар вужудга келишига, уларнинг йўлдош алоқа тармоғини қуриш учун зарур харажатлари камайишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида замонавий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш учун рухсат бериш тартибини белгилаб беради. Шунингдек, республикамиз ҳудудига йўлдош алоқа тизимлари ускуна ва терминалларининг қонуний асосда олиб кириш ва фойдаланишга имкониятлар яратиб беради. Йўлдош алоқа тизимларини қонуний асосда тезкор-қидирув тадбирлари тизимларига уланиш масалалари ҳуқуқий ечимини топади, республикада глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқлари хизматларидан (Starlink, Globalstar, OneWeb, Thuraya, Iridium, Inmarsat ва бошқалар) қонуний асосда, хавфсизлик талабларини бажарган ҳолда фойдаланиш имкониятлари яратилади ҳамда улардан ноқонуний фойдаланишга эҳтиёж қолмайди. Энг асосийси, йўлдош алоқа тизимларидан узоқ ва бориш қийин аҳоли масканларида, аҳоли яшамайдиган, чегара олди ҳудудларда, фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга шарт-шароитлар яратилади.
Кўриниб турибдики, масала жиддий ва унинг ечими бор. Ушбу ечимни тезроқ ҳал этиш мақсадида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларида мазкур қонун лойиҳасини барча ўқишларда тезроқ кўриб чиқиб, уни кейинги жараёнга жўнатиш масъулияти турибди. Ўйлайманки, бу каби эзгу мақсадларни ҳамкасбларим доим қўллаб-қувватлаб келган ва бу сафар ҳам шундай бўлади.
Натижада, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳолимиз ҳам тезкор интернет ва сифатли алоқадан баҳраманд бўлади!
Бахтиёр Маниязов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.