Кўҳна Самарқанд шаҳрида икки кун давомида Ўзбекистон офталмологларининг учинчи халқаро Конгресси онлайн ва офлайн форматида ўтказилди.
Анжуманда Германия, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон, Арманистон, Швейцариядан 1500 нафардан зиёд офталмолог иштирок этди. Шунингдек, Республикамиздан 500 дан зиёд офталмологлар қатнашди.
Конгрессда республикамизнинг ёш офталмолог олимлари ўз маърузалари билан чиқиши учун алоҳида секция ташкил этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Анжуманда офталмологиянинг деярли барча йўналишдаги долзарб муаммолари, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари қамраб олинган, бу эса иштирокчиларнинг янада чуқурроқ илм олиши, тажриба алмашиши, малакасини ошириш имконини яратди.
— Биз Американинг Дамба шаҳридаги тиббиёт клиникасида бу йўналишда ҳамкорликда амалий ишлар олиб борамиз, — дейди халқаро анжуман иштирокчиси, АҚШлик мутахасис Эрик Абдуллаев. — 20 йилдан буён кўз микрохирургияси билан шуғулланамиз. Ҳамкорлик доирасида хирургия йўналиши бўйича замонавий усуллар ёрдамида мутахассисларни тайёрлаймиз. Бундан ташқари кўз жарроҳлигида шохпарда касалликларини даволашда самарали натижаларга эришмоқдамиз. Офтолмология соҳасидаги мазкур анжуман келгусида беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро анжуманнинг иккинчи кунидаги сессия йиғилишлари савол-жавобларга бой тарзида ўтганлиги ҳам иштирокчилар учун қизиқарли бўлди.
Анжуман давомида хориждан ташриф буюрган олимлар, машҳур амалиётчи шифокорлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, янги илмий қарашларини баён этдилар. Истиқболдаги ҳамкорликлар бўйича ҳам келишиб олинди.
МАНБА:Халқ сўзи.