Чехия Республикасининг Брно шаҳрида ўтказилган халқаро саноат кўргазмасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти намойиш этилди.
Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиаланинг таклифига биноан айни пайтда ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Брно шаҳрида анъанавий тарзда 60 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган “MSV 2023” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этди.
Унинг расмий очилиш маросимида Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида хорижий сармоядорлар, савдо-сотиқ ишлари, компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун қулай имкониятлар яратилгани ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, мамлакатлар ўзларининг турли соҳалардаги салоҳиятини намойиш этиш, хорижлик сармоядорларни миллий иқтисодиётига жалб қилиш, янги ҳамкорларни топиш ва истиқболли келишувларга эришишда мана шундай нуфузли халқаро кўргазмалар муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу кўргазмада 43 давлатдан 1 минг 260 та компания иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси делегацияси бундай йирик форматдаги кўргазмада алоҳида стенд билан илк бор қатнашаётир.
“Made in Uzbekistan” миллий стендида мамлакатимизнинг металлургия, автомобилсозлик, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги саноат салоҳиятидан намуналар акс эттирилган.