Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Доҳа шаҳрига келгач, “Nebras Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрийни қабул қилди.
“Nebras Power” – Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси. Компания ўндан зиёд мамлакатида йирик лойиҳаларни амалга оширган.
Учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этди.
Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасида тайёргарлик ишлари якунланмоқда.
Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.
Узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, унга, энг аввало “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришилди.