Болалари азобланаётган ота-оналар, жунбушга келаётган жамоатчилик бераётган саволларнинг очиқ қолаётгани оқланадиган ҳолат эмас.
5 кундирки, ҳамма жойда шов-шув бўлган болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳақида ҳамон очиқ ва аниқ маълумотлар берилганича йўқ.
Ҳозирча Наманган ва Андижонда кузатилгани расман айтилди холос. Аммо ижтимоий тармоқлардаги хабарларда бошқа ҳудудларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилаётгани ҳақида бот-бот бонг урилмоқда.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мухбиримизнинг Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланишлари бир неча кундан бери бесамар кетмоқда.
Ҳозиргача аниқ бир маълумот берилмаслиги, табиийки, шубҳа-гумонларни оширади. Энг ёмони — мавҳумлик. Болалари азобланаётган ота-оналар, жунбушга келаётган жамоатчилик бераётган саволларнинг очиқ қолаётгани оқланадиган ҳолат эмас.
Боз устига вазир ёрдамчиси экани айтилган бир одамнинг Наманганда томоша кўрсатгани ортиқча бўлди. ССВ матбуот хизмати унинг гапларини инкор этгани билан у ҳақиқатан ҳам вазир ёрдамчисими ёки йўқ, бунга аниқлик киритилмаган.
Энг даҳшатлиси, вазир ўринбосари Элмира Боситхонова аввалига бу заҳарланиш овқат ё доридан эмаслигини айтиб чиққан бўлса, кейинроқ мавсумий, яъни кузги касаллик сабаб эканини билдиргани янада шубҳали кўринмоқда. Чунки мавсумий касалликка чалинган болада кўнгил айниши, ич кетиши жуда камдан-кам кузатилади.
Бу томонда эса Боситхонова имзоси билан антиструмин дориси истеъмолдан олинди, аммо уни катта миқдорда ишлаб чиқарган ва пуллаган корхона раҳбари халқаро қидирувда экани маълум бўлиб турибди.
Хуллас, соғлиқни сақлаш тизими айни пайтда жиддий ислоҳотга муҳтождир. Док-1 макс қурбонлари ҳали унутилмасидан яна айнан шу фармацевтика бўйича муаммоларнинг юзага чиқиши тизимдаги раҳбарларнинг беэътиборлиги, лоқайдлиги ва масъулиятсизлигидан дейишга ҳозирча асослар етарли.