Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева юртимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши торағаси Нурланбек Шакиев бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Мулоқотда қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг амалий жиҳатларига эътибор қаратилди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги, шу жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги мунтазам алоқалар изчиллик касб этмоқда. 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзолангани ўзбек — қирғиз парламентлари муносабатларида янги босқични бошлаб берди.
Шу асосда фаолият юритаётган парламентлараро комиссия Олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Музокаралар чоғида парламентларимиз ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва имзолаш, чегараолди вилоятларнинг маҳаллий кенгаш депутатлари ўртасида ҳамкорлигини фаоллаштириш, парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.
Ўтган 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 баробарга ошди. 2023 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 700 миллион АҚШ долларига етди. Автомобилсозлик, энергетика, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун етарли салоҳият ва барча имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.
Суҳбат давомида икки давлат транспорт — логистика имкониятларини кенгайтирадиган лойиҳаларни амалга оширишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, Тошкент ва Бишкек шаҳарларида савдо уйларини очиш каби амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.
Томонлар икки қардош халқни бир-бирига яқинлаштиришда маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутишини қайд этди. Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани, нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий халқлар учун ҳам азиз ва қадрли бўлган машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 95 йиллиги билан боғлиқ қатор тадбирлар Ўзбекистонда ҳам ўтказиб келинаётгани айтиб ўтилди.
Учрашув якунида яқин ўзаро ҳамкорликка ва тажриба алмашиш, турли даражадаги парламент делегацияларининг ташрифларини мунтазам ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари дўстлик гуруҳлари ва қўмиталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши торағаси Н.Шакиев Олий Мажлис Сенатининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.
МАНБА:ЎзА