Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимизнинг АҚШга ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи, тадбир доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчилари саммитида иштироки, хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан ўтказган учрашувларининг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Мамлакатимиз халқаро муносабатларда фаол ташқи сиёсатни йўлга қўяётгани ва бу халқаро ҳамжамият томонидан чуқур эътироф этилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг тарихий нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб, партия ва унинг фракцияси олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилдилар.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш, шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқарувини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан 13 та қонун ва 1 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда.
Лойиҳадаги ушбу нормалар фракция аъзоларининг қизғин мунозараларига сабаб бўлди. Айрим депутатларнинг фикрича, фракция раҳбарларининг ҳозирда Спикер ўринбосарлари лавозимида фаолият юритишлари кейинчалик ҳам қолдирилиши керак ва бу масъулиятни таъминлайди.
Қонун ташаббускорларининг қайд этишича эса Спикер ўринбосарларининг фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги, энг аввало, уларнинг холислигини таъминлайди, шу билан бирга, партиялар, фракциялар мустақиллигини кафолатлаб, уларнинг фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича турли саволлар кўтарилди. Қизғин бахс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.