16.1 C
Узбекистан
Четверг, 28 ноября, 2024

Халқаро майдонда мамлакатимизнинг ортга қайтмас ислоҳотлар дастури юқори баҳоланмоқда

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,070участниковПодписаться
- Advertisement -
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино, “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессер ва компаниянинг Марказий Осиё ва Каспий минтақаси бўйича раҳбари Рза Нуриев, АҚШнинг энг йирик “Citigroup” молиявий корпорацияси раиси Жон Дуган, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан учрашув ўтказди.

Президентимиз Жанни Инфантинони 2023 йилги футбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон ва ФИФА ўртасидаги самарали шериклик алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Футболни ривожлантириш ва ёшларни кенг жалб қилиш бўйича қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ФИФАнинг йирик халқаро тадбирларини, шу жумладан, аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Федерация раҳбари Ўзбекистонни 2024 йилда илк бор ФИФА шафелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши билан табриклади ва унинг юқори савияда ўтказилишига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, Жанни Инфантино юртимизда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва таълим базасини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.

“Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессер ва Марказий Осиё ва Каспий минтақаси бўйича раҳбари Рза Нуриев билан учрашув аввалида давлатимиз раҳбари АҚШнинг ушбу консалтинг компанияси Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг бошқарувини мақбуллаштириш лойиҳаларида фаол иштирок этаётганини қайд этди. Ўтган йили Тошкент шаҳрида “Boston Consulting Group”нинг офиси очилди.

Суҳбатда сунъий интеллект салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Билимлар иқтисодиётига ўтиш бўйича узоқ муддатли комплекс стратегияни, саноатни ривожлантириш дастурини ҳамда Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш “мастер режаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Инвесторлар билан Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантиришга узвий боғлаган ҳолда ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат корхоналари ва банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, банкларнинг рақамли инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш ва энергетикадаги лойиҳаларни экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

АҚШнинг энг йирик “Citigroup” молиявий корпорацияси раиси Жон Дуган билан учрашувда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналари облигацияларининг халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилишига кўмаклашган корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон етакчиси “Citigroup”нинг мамлакатимизда “Citibank” шўъба банки офисини очиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.

Учрашувда банк-молия соҳасини ривожлантириш, фонд бозоридаги қимматли қоғозлар жозибадорлиги ва ликвидлигини ошириш учун самарали воситаларни жорий этиш, мамлакатимиз капитал бозорига хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

АҚШ корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатларини кўрсатган ҳолда “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди. Ажай Банга билан учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ажай Бангани Жаҳон банки гуруҳи президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади ҳамда унинг раҳбарлигида банк ривожланаётган мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига фаол кўмаклашишни давом эттиришига ишонч билдирди.

Хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш, карбонсизлаштириш, муқобил энергетика, инфратузилма ва коммуникациялар, сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш ҳамда Трансафғон темир йўлини қуриш каби стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ажай Банга, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Банкнинг дунё бизнеси етакчи вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкор-бенефициарларидан бири ҳисобланади, сўнгги олти йилда қўшма лойиҳалар портфели беш баробардан зиёдга кенгайди.

2026 йилга қадар даврга мўлжалланган ва жами 4 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи Ҳамкорлик дастури Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг барча устувор йўналишларини қамраб олган.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан музокараларда Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичлари йил бошидан 75 фоизга ўсганини мамнуният билан қайд этдилар. Шу даврда юк ташиш ҳажми 50 фоизга ошди, 20 та янги қўшма корхона очилди. Давлатимиз раҳбари Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлашни ошириш учун қулай шароитларни яратиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш борасида биргаликда ҳаракат қилиш муҳим экани қайд этилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи якунланди.

МАНБА:ЎзА

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Яхши қўшничилик

Яхши қўшни қариндошдан ҳам яқин, нақли бежиз айтилмаган. Жанубдаги қўшнимиз Ўзбекистон жорий йили Қозоғистонга 4,7 млрд куб сув берди....

Больше похожих статей

×