Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан бепул таъминлаш белгиланган.
Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 20 сентябрдан бошлаб, ҳар чоршанба куни барча мактабгача таълим ташкилотларида йод препаратлари бепул тарқатилади.
Бола давлат ёки нодавлат мактабгача таълим муассасасига қатнаса, йод маҳсулоти муассаса томонидан берилади. Қатнамаса, уни бепул олиш учун оилавий шифокорга мурожаат қилиш керак бўлади.
Олимларнинг таъкидлашича, бола учун йоднинг кунлик дозасини қабул қилиш учун кунига 3,6 кг. хурмо, 2,1 кг. ёнғоқ ёки 6,3 кг. олма истеъмол қилиш керак. Демак, Ўзбекистон шароитида йодни ташқи муҳитдан олиш жуда қийин. Йодни таблеткалар ва йодланган туз орқали олиш эса анча осон.
Йод ривожланаётган организм учун энг муҳим моддалардан бири ҳисобланиб, йод танқислиги болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини секинлаштиради. Яъни, бола организмида йод етишмаса, у ақлий ва жисмоний ривожланишдан ортда қолади. Шунингдек, бўқоқнинг ривожланиши, қалқонсимон без дисфункциясига олиб келади.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига йод препаратларининг мунтазам равишда бепул тарқатилиши болажонлар саломатлигида кузатилиши мумкин бўлган ана шундай салбий оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, соғлом авлод, соғлом миллат демакдир.