Мамлакатимизда Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермайди, алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Бу масалаларга барҳам бериш мақсадида 2023 йилнинг 11 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин- қизлар ва болалар ҳуқуқларини, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 829-сон қонуни муҳим аҳамиятга эгадир.
Қонуннинг ижросидан келиб чиқиб, Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.
“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ягона мувофиқлаштирувчи органидир”.
Комиссиялар томонидан ҳар қанча сайҳаракатлар қилинмасин, оилаларда тарбиявий ишлар йўлга қўйилмас экан, бу каби салбий ҳолатлар узлуксиз давом этаверади.
Оилалар билан мунтазам ишлайдиган орган бу маҳалла фуқаролар йиғинидир.
Шу сабабли ҳам тасдиқланган режа дастур асосида ишчи гурухи томонидан барча маҳаллаларда ўтказилаётган кенг қамровли тадбирларда слайдлар, ролик ва тарқатма материаллар асосида мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш орқали хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини янада юксалтириш, қонунчиликдаги қўшимча ва ўзгартишлар, янгиликлардан хабардор қилиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланган сари интилганга толе ёр деганларидек, эзгу мақсадлар сари астойдил ҳаракат қилаётган ёшларимиз ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишмоқда. Ҳаттоки, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган ёшларимизнинг сони кун сайин кўпаяётганлиги албатта қувончли ҳолатдир.
Бироқ, ноқобил оилаларда тарбия топаётган ёки молу дунёни кетидан қувиш, савдо-сотиқ ишлари билан банд бўлиб, чет элларда умрини ўтказадиган баъзи ота-оналарнинг фарзандларини назоратсиз қолдириши салбий оқибатларга олиб келмоқда.
Бу ҳолатлар ёшларни алкагол ичимликларга ружу қўйиши, дорихоналарда сотиладиган психотроб моддалардан тайёрланган дори воситаларини истеъмол қилиш орқали кайфи сафо қилиб юриши оқибатида жиноятчиликка қўл уриши оғриқли нуқталаримиздандир.
Бунинг натижасида ўн саккиз ёшга етмаган, айниқса етим болалар, балоғат ёшидагиларга нисбатан жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларнинг содир бўлиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида санкция қўллаш кучайтирилди.
Бундан ташқари ушбу Қонун билан Ўзбекистон республикаси қонунларига хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу қонун хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлиқ ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади, шунингдек Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади.
Аброр Бердиев, Миробод туман адлия бўлими бош юристконсульти