Стокгольм дипломатлар ассоциацияси томонидан Буюк Британиянинг Швециядаги элчихонаси биносида “Food and Beer” миллий таом ва ичимликлар кўргазма ярмаркаси ўтказилди.
Ҳар йили ўтказилиб келинадиган ушбу маданий кўргазмадаги Ўзбекистон вакилларининг илк иштироки қатнашчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Ярмарка якунида Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси “Энг яхши миллий таом” йўналиши бўйича биринчи ўринни қўлга киритди. Иштирокчилар томонидан Ўзбекистоннинг ош сомса каби миллий таомлари, шунингдек, қовун жуда юқори баҳоланди.
Тадбир давомида швед бизнес вакиллари билан Ўзбекистон маҳсулотларининг Швецияга экспортини йўлга қўйиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Кўргазма ярмаркада Арманистон, Австрия, Бельгия, Босния ва Герцеговина, Греция, Исландия, Латвия, Мексика, Словакия, Буюк Британия, Ўзбекистон, Чехия, Швеция, Эстония, Япония ва Австралия, Янги Зеландиянинг дипломатик ваколатхоналари ўзларининг миллий таомлари ва ичимликлари билан иштирок этди.