Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги “Ўзбек мактаби” томонидан “Хорижликлар учун Ўзбек тили” (А2 даража учун) дарслиги яратилди деб хабар бермоқда Ўз.А.
Китоб ўзбек тилидан бошланғич билимга эга қизиқувчиларга мўлжалланган. Ушбу дарслик А1 даража учун мўлжалланган дарсликнинг узвий давоми сифатида тўртта тил кўникмаси (гапириш, ёзиш, ўқиш, тинглаш) асосида А2 даражасидаги билимларни беришни кўзда тутади.
Ушбу дарслик шу йўналишда яратилган мавжуд ўзбек тили қўлланмаларидан инглизча кўрсатма ва изоҳларнинг берилиши, ҳар бир дарсда ишлатилган сўзларнинг инглиз, француз, корейс, турк, рус тилларидаги таржимаси кўрсатилгани билан ажралиб туради.
Ҳар бир мавзу якунида берилган хилма-хил топшириқлар, QR кодларда келтирилган видео лавҳалар, иммитацион аудиолар ўрганувчини танқидий фикрлашга, нутқ вазиятига мослашишга, луғат материаллар эса сўз захирасини янада бойитишга хизмат қилади.
Дарслик ёрдамида тил ўрганувчилар таниш вазиятларда керакли тил воситаларини танлаш, оддий вазиятларда оғзаки ва ёзма нутқда фикрларни узвий ифода эта олиш сингари прагматик компетенцияларни эгаллашлари мақсад қилинган.
Мазкур дарсликлар ёрдамида хорижликлар мустақил ёки ўқитувчи ёрдамида ўзбек тилини бемалол бошланғич даражада ўрганишлари мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилмоқда.