Бутунжаҳон Метеорология ташкилотининг глобал сув ресурсларининг ҳолатига оид ҳисоботида маълум қилинишича, 2050-йилга бориб, ер юзида истиқомат қилувчи беш миллиарддан ортиқ киши турли даражада сув танқислигини бошдан кечиради. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 2 миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик суви таъминотига эга эмас.
2021-йилда дунёнининг кўплаб ҳудудларида 30 йиллик гидрологик оралиқ мобайнидаги ўртачадан кўра кучлироқ қурғоқчилик бўлгани кузатилди. Шунингдек, 3,6 миллиард одам йил давомида камида бир ой сувдан етарли даражада фойдалана олмаслик муаммосига дуч келмоқда.
Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Британиянинг Economist Intelligence Unit ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040-йилга бориб, сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 та давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бор.
Ушбу ҳолат ҳар бир ҳудудда сув ресусрларидан тежамли ва самарали фойдаланиш зарурлигини англатади. Хўш, бу борада Ўзбекистоннинг қайси ҳудудлари яхши натижаларга эга? ПМТИ экспертлари республика ҳудудларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини баҳолади.
Иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиладиган сув ресурсларининг кўп йиллик ўртача ҳажми 51 млрд. м куб ни ташкил этади. Бунинг 21,5% и Ўзбекистон ҳудудларида, 78,5% и қўшни давлатлар ҳудудида шаклланадиган сув ресурсларидир. Жумладан, Амударё ва Сирдарёдан
31,6 млрд. куб метр (61%), ички кичик дарё ва сойлардан 17,2 млрд. куб метр (35%), ерости сув захираларидан 0,5 млрд. куб метр (1%) ҳамда коллектор ва дренаж тизимларидан 1,7 млрд. куб метр (3%) сув олинади ва улар асосий сув ресурсларини ташкил қилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда яқин келажакда сув танқислиги 7 млрд. куб метр, 2050 йилларга бориб, 12-13 млрд. куб метр бўлиши кутилаётганини инобатга олсак, бу ҳолатда сувни тежашнинг аҳамияти янада ортади.
Шу сабабли тадқиқот жараёнида қайси вилоят сув ресурсларидан самарали фойдаланмоқда, деган саволга жавоб изланди. Бунда ўртача
1 гектар ерни суғориш учун сарфланган сув миқдори, ўртача 1 куб метр сув ҳисобига етиштирилган маҳсулот, ҳудудларда сув тежамкор техногиялар қўлланилган майдонлар қамрови каби самарадорликни акс эттирувчи кўрсаткичлар ўзаро индексли услубиёт асосида таҳлили қилиниб, ҳудудларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги (ССИ) индекси ҳисоблаб чиқилди.
Сўнгги йилларда сувдан тежаб фойдаланиш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида сувни тежовчи технологиялар (СТТ) қўлланилган майдонлар Навоий (28%), Андижон (23,6%), Жиззах (21,9%) вилоятларида кенгайиб бормоқда. 2021-йилда Бухоро (16,1%) ва Хоразм (23,1%) вилоятларида қамров даражаси аввалги йилдагига қараганда 2,3-4,3 маротаба ортган.
Ҳудудларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги интеграл индекси (ССИ) нинг 2018-2021 йиллардаги натижалари бўйича рейтинг гуруҳлаш амалга оширилди.