Мамлакатимизда аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда енгиллик яратишда қатор амалий ишлар қилинмоқда. Фуқаролар керакли ҳужжат учун идорама-идора сарсон бўлишига барҳам бериш мақсадида Давлат хизматлари маркази ташкил этилган эди.
Жорий йил давомида хизматлар кўрсатиш тизимига ўзгартиришлар киритилди. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатларни ҳаётга тадбиқ этиш кўп ҳолларда Давлат хизматлари маркази (ДХМ) зиммасига юклатилган. Қайси хизматлар бўйича қандай ўзгаришлар бўлди ва яқин келажакда бизни нималар кутмоқда? Ушба саволга жавоб олиш мақсадида Самарқанд шаҳар ДХМ маркази мутахассисларига мурожаат қилган эдим. Янгиликлар хизмат кўрсатишнинг турли йўналишларини қамраб олганлиги боис, ҳар бир ўзгариш ҳақида алоҳида мутахассис гапириб берди.
ДХМ бош мутахассиси Ҳусан Турабов 1 сентябрдан бошлаб жорий этилган жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими хусусида сўз юритди.
“Республикамиз Президентининг давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантириш бўйича қилган талаби асосида ушбу йўналишда қатор ўзгаришлар рўй берди. Улардан бири жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилиши бўлди. Бу тизим фуқароларга хизмат кўрсатишни енгиллаштириш мақсадида шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда киритилди”, – деди суҳбатимиз аввалида Ҳ.Турабов.
Суҳбатдошим Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни идентификациялашнинг Mobil-ID тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 479-сон қарорида кўза тутилган нормаларни қуйидагича шарҳлаб берди.
Мобил-ID тизими шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади ҳамда «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.
Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (ЯИДХП) мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Бу қандай илова? ЯИДХПнинг мобил иловаси— Мобил-ID тизимида масофадан туриб идентификациядан ўтишни таъминловчи ҳамда давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган илова.
Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Марказ ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади ҳамда Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда расмга туширилади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади.
ДХМ ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади.
Мобил-ID тизими фойдаланувчилари давлат хизматларидан фойдаланишда қатор енгилликларга эга. Жумладан, улар электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда ушбу хизматларидан (бундан кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин.
Яна шунга эътибор қаратиш лозимки, ЯИДХП мобил иловаси орқали шахсни аниқлашда мобил телефон рақами айнан шу шахс учун рўйхатдан ўтказилиши керак. Ва агар идентификация қилиш тартиби учун ДХМ ёки нотариусга мурожаат қилинса, исталган телефон рақамини боғлаш мумкин.
Тошпўлат Раҳматуллаев ёзиб олди