15.6 C
Узбекистан
Суббота, 21 сентября, 2024

Мунособат: Ўзбек  халқининг  оташқалб  фарзанди  Шароф Рашидович  Рашидовнинг  меҳрини  қозонган газета  ёки  долзарб   масаладаги   мақола

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Мен собиқ партия ходимиман, лекин 1960 йилдан буён таржимонлик билан ҳаваскор сифатида шуғулланаман. Ушбу касбга тегишли нарсалар билан, табиийки қизиқаман. Чунончи, 30 сентябрь куни –  Халқаро таржимонлар куни олдидан,  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2022 йил 28 сентябрь кунги сонида чоп этилган таниқли шоир, моҳир таржимон ва публицист Ғулом Мирзонинг “Таржима мўъжизаси” мақоласи дарров эътиборимни тортди ва уни бир зумда ўқиб чиқдим. Айниқса, мақоланинг “Нега бизда “Таржимонлар куни” байрами йўқ?” сарлавҳали қисми менда бир дунё фикрлар уйғотди…

         Одамлар психологиясини яхши биладиган император Наполеонга бир куни яқинларидан бири: “Армиянгиз унчалик катта эмас, лекин маршал унвонига эга саркардалар жуда кўп. Нега бундай? Одамларга жуда кўп мукофотлар берасиз. Ахир бу мукофотларни нуфузини тушириб юбормайдими?”, –  деган савол берибди. Шунда Наполеон “Одамларни унвон билан мукофот ҳаракатга келтиради. Шунинг учун унисини ҳам, бунисини ҳам аямаслик керак”, –  деган экан…

         Кекса авлод яхши билади: советлар вақтида Ўзбекистонга биринчи котиб лавозимидаги киши раҳбарлик қилар эди. Унинг ёнида иккинчи котиб бўлиб, амалда кўпинча ўша хўжайинчилик қилар эди. Лекин ўзбек халқининг ардоқли улуғ фарзанди Шароф Рашидович Рашидов Ўзбекистонга раҳбар бўлганда бундай бўлмаган. У пайтда иккинчи ҳақиқатдан иккинчи ўринда турарди. Тошкентда Шароф Рашидович ташаббуси ва бошчилигида метро қурилиши бошланганда, иккинчи котиб метрони полларини асфальт билан қоплашни таклиф этади: “Йўловчилар метрога киради ва бир пастда жўнаб кетишади. Асфальт бўлса, анча маблағ тежалади.”, –  дейди. Шароф Рашидович унга бир қарайдилар, шу билан унинг чаккаси ўчади. Натижада халқимиз муҳташам метродан фойдаланиб, Шароф отани дуо қилиб юрмоқда…

         Шуни айтиш керакки, иккинчиларни фойдаси теккан вақтлари ҳам бўлган… Бир пайтлар тегишли ташкилотлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билан тегишли идораларга кўп хат ёзишади, лекин таклиф амалга ошмайди. Шунда бир русийзабон журналист, ўша пайтдаги Марказкомнинг иккинчи котибини улфати бўлиб, иккинчини хонадонига боради ва мезбон билан иккаласи “яримтани” бўшатишади. Суҳбат жараёнида журналист иккинчига фахрий унвон ҳақидаги таклифни айтади. Иккинчи пайсалга солмай, шартда телефон гўшагини олади ва Олий Совет Президиумининг Раисига қўнғироқ қилиб, тегишли топшириқ беради. Эртасига биз газетада янги фахрий унвон ҳақидаги тегишли фармонни ўқидик ва барча ОАВ ходимлари ҳурсанд бўлди…

          Энди 30 сентябрь масаласига келсак… Бу халқаро байрам христиан таржимон-руҳонийси авлиё Иероним вафот этган кун билан боғлиқ (419 (420) йил 30 сентябри). Биз учун эса, одамни ўлган кунини байрам қилиш менталитетимизга тўғри келмайди…

          Маълумки, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таржимонлар меҳнатига, ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгиришга катта эътибор бермоқда. Бирорта халқаро даражадаги музокаралар, анжуманлар бу касб эгаларисиз ўтмайди. Таржимон – халқлар ўртасидаги кўприкдир. Бугунги кунда минглаб ёшлар таржимон бўлиш орзуси билаш яшашмоқда…

         Шу муносабат билан мамлакатимизда “Таржимонлар куни” ва тегишлича “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган таржимон” фахрий унвони таъсис этилса, мақсадга мувофиқ, бўлар эди.

       Улуғ аждодларимиз Абу Райхон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Озод Шарафитдинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Қодир Мирмуҳамедов ва бошқалар таржимонлик билан самарали шуғулланишган. Уларнинг бирортасини туғилган кунини “Таржимонлар куни” деб эълон қилса, бўлади деб ўйлаймиз…

Ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши минглаб ёзувчилар, шоирлар, ОАВ ходимлари, таржимонлар кўп йиллик орзуларини амалга оширилиши бўлиб, Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратишга хизмат қилади, деб умид қиламиз.

Яна:

       Ўз  пайтида  чорак  аср  Ўзбекистонга  раҳбарлик  қилган  атоқли  давлат  ва жамоат  арбоби,  таниқли  ёзувчи  ва  забардаст шоир, оташин публицист Шароф  Рашидович  Рашидов  Ўзбекистон  халқ ёзувчиси  Одил  Ёқубовни хонасига  таклиф  қилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”  газетаси  Бош муҳаррирлигига  тавсия этиб,  гап  орасида,  ушбу газетанинг 40 минг ададда чиқиши яхши эмаслиги  ҳамда  тиражни  кўтариш лозимлиги  ҳақида  айтади  ва  нима  ёрдам  керак бўлса,  тайёр  эканлигини билдиради.

         Одил Ёқубов бир нечта илтимос билан мурожаат  қилади:  ҳукумат  алоқаси  телефони, хизмат  автомашинаси билан  таъминлаш,  қалам ҳақини икки баробар кўтариш ва юқоридан ҳеч ким  аралашмай,  ходимларни  ўзи  танлаш  ҳуқуқига  эга  бўлиш. Шароф Рашидович бу масалаларни ҳал этиб беради.

         Одил Ёқубов энг талантли ёзувчи ва журналистларни муаллифликка  жалб  этади,  долзарб  масалаларда қатор-қатор пишиқ мақолалар чоп этилади, газета тез орада янги жозибали тус олади ва унинг адади 700 минг нусхага етади…

         Бугунги кунда ушбу нуфузли газетанинг адади  869 тани ташкил этмоқда. Менимча, Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига газетадан биттадан берилса, ҳаммасига етмайди-ёв. Бунда биз таҳририятни айблай олмаймиз. Бу бозор иқтисодиётига ўтишнинг таъсири, обуна газета учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолганлигининг натижасидар. Уни қўллаб-қуватланмаса, ўйлашимизча, газетани Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ўз оталиғига олмаса бўлмайди. Ўз вақтида Шароф Рашидович шахсан ушбу газета обунаси ҳақида қайғурган экан, бугунги кунда уни шу ҳолда ташлаб қўйиб бўлмайди. Маънавияти юксак ҳалқимиз, Давлатимиз раҳбари бошчилиги ва у киши билан биргаликда  III Ренессанс асосларини  яратмоқда. Бу ишда ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, барча ижодкорлар олдинги сафда бўлишлари лозим, бу ишда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси байроқдор бўлиши керак. Мен бу газетани киоскма-киоск юриб тополмайман. Бу газетани ҳамма жойда сотиш лозим. Бу газета ҳар бир санъаткор, ҳар бир адиб, ҳар бир журналист, ҳар бир ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси қўлида бўлиши лозим. Истеъдодли шоир Муҳаммад Исмоил жонажон ўзбек тилимиз ҳақида шундай ёзади:

Жаҳон илмин гуркиратган шонли доҳийсан,
Яна минг йил энг олдинда борар, боқийсан!

Газета мана шундай улуғ тилимизнинг ҳар бир жонкуяри қўлида бўлиши керак.

Носир ТОИРОВ
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×