Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган сизлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Буюк аждодимиз Алишер Навоий сизларнинг шаънингизни улуғлаб: “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат”, деб айтган сўзларида чиндан ҳам теран ҳақиқат мужассам.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
(Қишлоқ хўжалиги ходимларига 2020 йил йўллаган табригидан)
Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳар йил 21 март куни нишонланадиган таваллуд куни яқинлашмоқда… У киши, мен кўп йиллар давомида марказий аппаратида фаолият юритган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жонкуяр фаоли эди. Кўп марта партиянинг раҳбар органларига сайланган, умрининг охиригача партиямизнинг “Ўзбекистон овози” — “Голос Узбекистана” газеталари таҳририяти аъзоси бўлган.
Партия қурултойлари, пленумлари, ЎзХДП Ижроқўми йиғилишларида сўзга чиқиб, Абдулла ака ўзининг аниқ ва принципиал таклифлари билан доим барчани эътиборини ўзига тортар эди. Биз у киши билан турли йиғилишлар, тадбирларда тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турар эдик… Абдулла ака ниҳоятда очиққўл, саҳий ва ёрдам керак бўлса, доим қўллашга тайёр Хазрати инсон эди.
У кишининг таваллуд куни арафасида, чўлқуварларга нисбатан ниҳоятда эътиборли бўлганликларини эслашни жоиз деб билдим…
Айни пайтда кўз олдимдан кўплаб чўлқуварлар, хусусан Носир Махмудов, Қудрат Ахмедов, Акоп Абрамович Саркисов, Нажим Ҳамроев, Эркин Турсунов, Дамир Ёдгоров, Тўхтамиш Боймиров, Егимқул Тасанбоев, Али Аҳмедов, Кинабек Укубоев, Турсун Умаров, Маҳмуд Абдурайимов, Акбар Азимов, Бозорбой Отахонов, Камолиддин Нишонбоев, Муҳитдин Каримов, Худоёр Латипов, Саттор Усмонов, Мамажон Дадажонов, Инобат Охунова, Собиржон Сиддиқов, Мурод Ўролов, Эгамберди Ботиров, Неъмат Эрназаров, Неъмат Исроилов, Қувондиқ Абдураззоқов, Тўлан Дадажонов, Исломжон Абдуллаев, Абдуллажон Турдиқулов, Спатай Минтаев, Бегим Сериков, Бойкенжа Халикулов, Маҳсуда Фозиловалар нурли сиймолари гавдаланади. Буларни ҳар бири ҳақида кўплаб ёзса арзийди…
Ўз вақтида таниқли чўлқувар, Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидович Рашидов Сирдарё ва Жиззах вилоятлари пахта далаларини кўздан кечириш учун ташриф буюрганда, доим ҳамроҳлик қиладиган, ўтмишда Мирзачўл (ҳозир Гулистон) тумани, Бухоро, Наманган вилоятлари раҳбари, кейинчалик, умрининг охиригача ”Ўртаосиёирсовхозқурилиш” Бош бошқармаси қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи бўлган Абдулҳай Тоирович Тоировнинг 100 йиллиги нишонланадиган бўлди.
Шунда биз – яқин ўтмишда Матбуот бўйича республика қўмитаси раиси, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раҳбари бўлган, тарих фанлари номзоди, доцент Собир Шералиевич Қурбонов ва камина “Ўзимизнинг Абдулҳай ака” номли эсдаликлар тўпламини тайёрладик. Китоб қўлёзмаси билан танишиб чиққан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Орипов китобга кириш сўзи ёзиб берадиган бўлди.
Абдулла ака кириш сўзи ёзиш жараёнида биз билан суҳбатлашар экан, ёшлик пайтларида Мирзачўлда бўлган вақтлар, чўлқуварлар билан кечасилари гулхан атрофида қизғин гурунглар бўлганини, Абдулҳай аканинг дўстлари ва шогирдлари Худоёр Латипов, Кенибек Укубоев, Қарши чўлларида эса Эркин Турсунов, Фармон Омонов, Соиб Усмоновлар билан учрашгани, улар Қашқадарёда ҳам яхши хотира қолдирган ўз устозлари – пахтачилик билимдони бўлган Абдулҳай Тоиров ҳақида завқ билан гапирганларини эслади.
Шундан сўнг, юқоридаги Абдулла Ориповнинг кириш сўзи билан, Тошкентдаги «EXTREMUM-PRESS» нашриётида «Ўзимизнинг Абдулҳай ака» китоби чоп этилди.
“Ўртаосиёирсовхозқурилиш” Бош бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, иқтисод фанлари номзоди Дамир Ёдгоров Абдулҳай акани шундай хотирлайди :
”Ўртаосиёирсовхозқурилиш” Бош бошқармаси фаолиятини акс эттирадиган рақамлар ниҳоятда таъсирчан эди. Мана бир-икки мисол:1985 йилга келиб Бош бошқарма ва унинг бўлинмаларининг 200 минг кишилик жамоалари 700 минг гектар янги суғориладиган ер майдонини қишлоқ хўжалик айланмасига киритдилар, 6 млн. квадрат метр уй-жой қурилди, 162та янги давлат хўжаликлари ва хўжалик ҳисобидаги участкалар ташкил этилди.Ўзлаштирилган массивларда ўн минглаб километр узунликда электр узатиш линиялари, муҳандислик иншоотлари, автомобиль йўллари, юзлаб маданий-маиший объектлар қурилиб ишга туширилди.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонга чорак аср раҳбарлик қилган Шароф Рашидович Рашидовнинг ташаббуси билан янги ўзлаштирилган ерларда аҳолиси ўша вақтда бир миллиондан ортиқ бўлган иккита – Сирдарё ва Жиззах вилоятлари, 17 та маъмурий туманлари тузилди, 300 мингтага яқин янги иш ўринлари яратилди. Ташкил этилган агросаноат мажмуалари ҳар йил 800 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси, 600 минг тонна дон, шу жумладан шоли, 160 минг тонна сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб берар эди…
Баландпарвоз гаплардан йироқ бўлиш лозим, лекин ҳақиқатни айтиш керак: чўлларни ўзлаштириш янги ҳудудларда шаҳар ва қўрғончалар, саноат , қурилиш, йўллар, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, ижтимоий соҳа ва маданиятнинг жадал ривожланишига олиб келди, юз минглаб кишилар учун меҳнат ва чиниқиш, маънавий юксалиш, биродарлик, жамоавийлик ва ватанпарварлик мактаби бўлди.
Чўлқуварларнинг барча муваффақиятларида, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқларида Абдулҳай Тоировнинг ҳиссаси катталиги шубҳасиз. Биз, унинг шогирдлари устозимиздан доно маслаҳатлари ва бой ҳаёт тажрибаси билан беминнат ўртоқлашгани учун миннатдормиз”.
Жиззах вилоятининг раҳбари бўлган, Давлат мукофоти лауреати Тўхтамиш Боймиров Абдулҳай аканишундай хотирлаган эди:“Мирзачўл тарихида қаҳрамонлар кўп, ҳар бирларининг ўз муносиб ўринлари бор. Лекин мирзачўлликларнинг ҳамма томондан бирдай тан олинган улуғ устозлари бор эди. Улардан бири Абдулҳай ака Тоиров Мирзачўлнинг академик-агрономи бўлиб тарихга кирди. Бу фахрли номни унга халқ берди, унинг улуғ хизматларини тан олган сафдошлари, замондошлари берди…Назаримда бу шарафли ном бу ажойиб инсоннинг ярим асрлик чўлқуварлиги давомида олган барча мукофот ва унвонлардан баланд ва мўътабарроқдир.”
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Музаффар Туропов эсдаликларида шундай дейди: “Абдулҳай ака Тоировни билимли, ёшларга устозликни жойига қўяоладиган Тоировлар сулоласининг етакчиси сифатида яхши билардим. У киши Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари қўшилган пайтда бир муддат Сурхондарё вилоят ижроқўми раиси бўлган, кейинчалик, “Ўртаосиёирсовхозқурилиш” Бош бошқармаси қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи сифатида Қарши чўлларини ўзлаштириш масаласида кўп бора бу томонларга келиб кетганлар. Республика ва вилоятимизнинг нуфузли (шу жумладан қишлоқ хўжалик вазирлиги) идораларида раҳбарлик лавозимларда ишлаган, умрининг охиригача Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси бўлиб ишлаган устозимиз, раҳматли Фармон Омонов ва “Қаршиқурилиш” бошқармасида кўп йиллар хизмат қилган устоз Соиб Усмонов билан Абдулҳай ака жуда яқин дўст эдилар. Ана шу дўстлик ва ўзаро ишонч туфайли улар чўлларни ўзлаштиришга доир кўпгина мураккаб масалаларни биргаликда ҳал қилар эдилар. Устозларимиз Абдулҳай ака билан бўлган учрашувлар, у кишининг пахтачилик сир-асрорларини ипидан игнасигача билган мутахассис бўлганлиги ҳамда эл-юрт учун фидоийларча меҳнат қилганини доимо ҳурмат билан эслардилар…
Абдулҳай Тоиров меҳрибон, ўсиб келаётган кадрлар камолини кўрса беиҳтиёр яйраб кетардилар, терисига сиғмайдиган раҳбар эди. Абдулҳай ака Тоиров Қашқадарёда ҳам яхши из қолдирган, Қашқадарёликлар кўнглидан ҳам жой олган беназир инсон эди дея, бемалол айта оламан”.
Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин, Сирдарё вилояти Оқ олтин туманида Абдулҳай Тоировнинг ҳайкали ўрнатилди. Дарҳақиқат Хазрат Алишер Навоий айтганларидай:
Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.
Ўзбек халқининг улуғ шоири Абдулла Ориповнинг туғилган куни арафасида шулар кўнглимдан ўтди ва яна бир бор, у кишини Аллоҳ ўз раҳматига олсин, дегим келди.
Носир Тоиров
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши қошидаги фахрийлар Кенгаши раисининг ўринбосари, меҳнат фахрийси