Коронавирус, айниқса унинг янги штамми болаларда қандай белгилар билан намоён бўлмоқда? Фарзандларимизни бу юқумли касалликдан ҳимоя қилиш учун нималарга эътибор беришимиз керак? Умуман, вазият чиндан ҳам хавотирлими?
Бу саволларга Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимовадан жавоб олдик:
— Ҳозир болаларда кечаётган коронавирус хасталигини грипп ёки оддий шамоллашдан фарқлаш қийин. У асосан, иситма, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, қуруқ йўтал, нафас қисиши, диарея, асабийлашиш каби белгилар билан намоён бўлади.
— Ота-оналар фарзанди COVID-19 вирусини юқтирганига шубҳа қилса, қандай йўл тутишлари керак?
— Касаллик белгилари кузатилса, врач тавсиясига кўра, ПЗР тести топширилиши керак.
Бунинг учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудлардаги бўлинмаларига, Тошкент шаҳрида эса ҳар бир тумандаги махсус COVID поликлиникаларига ҳам куну тун мурожаат қилишингиз мумкин.
— Бугун кўпчилик ота-оналарни “боламни коронавирусдан қандай ҳимоя қилишим мумкин?” деган савол ўйлантираётгани шубҳасиз…
— Бунинг учун, аввало, улар ўзларини вирусдан ҳимоя қилишлари лозим бўлади.
Шунингдек, ота-оналар қуйидаги тавсияларни берамиз:
Фарзандингизнинг қўлларини тез-тез ювинг ва уларга кўп босқичли қўл ювиш техникасини ўргатинг.
Болага жамоат жойларидан қайтганидан кейин қўлларини ювишдан олдин оғиз, бурун, кўзларга тегмаслик кераклигини тушунтиринг.
Тиббий ниқоб режимига риоя қилинг.
5 ёшдан катта бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашни унутманг!
Боланинг иммунитетини мустаҳкамлаш ҳам муҳим.
Балансланган овқатланиш, жисмоний фаоллик (лекин меъёрида), ақлий фаоллик ва ҳиссий барқарорлик, мунтазам тиббий назорат инфекциянинг олдини олишга ёрдам беради.
— Қандай белгилар кузатилса, тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиш керак?
— Тана ҳарорати юқори кўтарилиши, нафас олиш қийинлашиши, тез ёки саёз нафас олиш (чақалоқларда: инграб нафас олиш, эмишдан бош тортиш), лаблар ёки бутун юзнинг сиянози (терининг кўкимтир тус олиши) каби ҳолатлар кузатилса, зудлик билан оилавий поликлиникага ёки тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилишингиз тавсия қилинади.