15.1 C
Узбекистан
Вторник, 26 ноября, 2024

Бўлажак террорчининг портрети. Ўзбек ёшлари экстремист ёлловчилар қўлига қандай илиняпти?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари экстремистик ёки террористик ташкилотларнинг янги тарафдорлари ҳибсга олингани ҳақида тобора кўп ахборот беришмоқда, энг қизиғи эса, гап, бир-икки аъзо кишилар тўғрисида эмас, балки таркибида ўнлаб кишилар бўлган тўлақонли яширин гуруҳлар борасида бормоқда.

Рақамлар, айниқса Афғонистонда Толибонларнинг ҳукумат теппасига келиши ва Қозоғистондаги январь воқеалари таъсирида ўзбекистонликларни хавотирга солмоқда. Кўчаларда соқол қўйган ёш йигитлар ва ҳижобли қизлар кўпайиб бораётгани ҳам кўпчиликнинг хавотирига асос бўлмоқда.

Podrobno.uz мухбири мамлакатда содир бўлаётган воқеалар, фуқароларимиз террорчи ёлловчилар қўлига қандай илиниб қолаётгани, диний атрибутларнинг оммалашаётгани ва қўшниларнинг нотинчлиги сабаб юзага келаётган хавотир асослими деган саволлар билан хавфсизлик бўйича эксперт, Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайловга мурожаат қилди.

Марказ ходимлари йигирма йилдан буён фуқароларимизни халқаро террористик ташкилотлар сафига жалб қилиш алгоритмлари, ёлланувчиларни уруш ҳудудига ўтказиш йўллари, шунингдек, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш масалаларини ўрганиб келмоқда.

– Виктор Владимирович, сўнгги йилларда фуқароларимизни халқаро террористик ташкилотларга (ХТТ) ёлланиш ва иштирок этиш динамикаси қандай?

– Муайян алгоритмларга кўра, 2015-2021 йиллар давомида халқаро террористик ташкилотлар (ХТТ) ёлловчилари мамлакатимизнинг 27 минг фуқароси билан “ишлаган”лигини ҳисоблаб чиқдик. Бу вақт ичида Сурия ва Афғонистонда жойлашган ХТТларга жами 2000 дан сал кўпроқ ўзбекистонлик ёлланган.

Эътиборли жиҳати, ёлланган фуқароларнинг катта қисми Россия, Украина, Жанубий Корея, Туркия ва айрим Европа мамлакатларида меҳнат миграциясида бўлган. Айнан бу давлатларда ХТТ ёлловчилари фаолроқдир.

Баъзи маълумотларга кўра, ХТТ эмиссарлари томонидан ёллашга кўндирилган 8 мингга яқин одам бошқаларни ҳам ёллашга тайёр бўлишган, аммо Сурияда (ИШИД ва бошқа тўдаларнинг аниқ қулаши) ва Афғонистонда содир бўлаётган ўзгаришлар логистикани кескин мураккаблаштирди (транзитер мамлакатлар чегараларда назоратни кучайтирди), Covid-19 пандемияси бўлажак жангариларнинг режаларини бузди.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жанговар тўқнашувлар ҳудудларига ўтишга уринишларнинг олдини олувчи самарали фаолияти омилини ҳам унутмаслик керак.

– Потенциал террорчиларнинг қандайдир умумий портрети мавжудми?

– Ёллашда асосан 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигитлар нишонга олинади: дала командирлари кучли ёш йигитларга муҳтож.

Ёшларни радикаллаштириш осонроқ, кўпчиликнинг йўқотадиган нарсаси йўқ, йигитларнинг муаммолари кўп, улар адолатсизлик ва коррупцияни оғриқли қабул қилади. Ҳатто қарама-қарши жинс билан омадсиз муносабатлар ҳам ҳижрат қилиш учун сабаб бўлиши мумкин.

Оиласи, фарзанди, иши ва муайян масъулияти бор одамни экстремистик ва террористик ҳаракатларга жалб қилиш жуда қийин.

Жиноий гуруҳга қўшилган ҳар бир ёлланган одамнинг ҳалокатли қарор қабул қилишида ўз сабаблари бор. Статистик маълумотларга кўра, жангариларнинг 10% потенциал қотиллардир, улар учун қўлда қурол – эҳтиросларни қондиришнинг бир усули ҳисобланади. 15% эса диний ақидапарастлардир, улар қуролли жиҳод кофирларга қарши курашишнинг ягона йўли деб ҳисоблайдилар. Қолганларнинг ўз сабаблари бўлган, лекин асосийси – адолат ва бошқа барча мусулмонларнинг шаъни учун курашаётган мусулмон биродарларга ёрдам бериш (ёлловчилар уларни бунга ишонтиришади) истагидир.

Фақат ХТТ жанговар лагерига келиб қолган ёшлар улар билан нима содир бўлганини тушунишади, лекин одатда жуда кеч бўлган бўлади.

– Уларни ХТТ фаолиятига жалб қилишда қандай механизм қўлланилади?

– Ёллаш пойдевордан бошланади – бу радикаллаштириш. Интернет, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар зўраки экстремизм ғояларини тарқатишнинг асосий манбалари бўлиб, улардан ХТТ етакчилари, уларнинг мафкурачилари, эмиссарлари, тарафдорлари ва издошлари фаол фойдаланмоқда.

Дўстлар, қўшнилар ва камдан-кам ҳолларда қариндошлар ҳам радикал ғояларни тарқатишлари мумкин.

Аммо ёллаш жараён сифатида доим юзма-юз ва юқорида айтиб ўтганимдек, кўпинча йигитларимиз меҳнат миграциясида бўлган мамлакатларда амалга оширилади.

Ёлловчилар деярли ҳар доим молиявий жиҳатдан рағбатлантирилади, шунинг учун улар “ишларини” кўпинча аллақачон радикаллашиб, улгурганлар билан олиб борадилар. Ёшлар дуч келадиган заифликлар бу жараёнда жуда қўл келади, жараён осонлашади.

Аммо жангарилар тайёрлайдиган ўқув лагерларига келгандан сўнг, ёлланганлар уларда фақат битта йўл – қўлларида қурол билан жиҳод йўлига тушиш борлигини тушунишади.

– Нима учун меҳнат муҳожирлари ёлловчилар учун осон ўлжага айланишади?

– Фуқароларимиз кўпроқ ишга қабул қилинадиган давлатларни юқорида санаб ўтдим. Сабаби, меҳнат миграциясида ёшлар уйдагидан ҳам кўпроқ ҳимоясиз бўлиб қолишади.

Ота-оналари, туғилган ерлари, дўстларига бўлган соғинч, мезбон давлат тилини ва қонунларини яхши билмаслик туфайли бегона муҳитда ноқулайлик ҳисси, мигрант фобияси. Ёшлар ижтимоийлашувни йўқотмоқда, буларнинг барчаси ёш йигитларни ҳалокатли қарорлар қабул қилишига туртки бўляпти.

– Айрим экспертлар террорчиларнинг аксарияти қашшоқ мамлакатлардан келиб чиққанини айтишади. Иқтисодиёт бу борада қандай роль ўйнайди?

– Бу унчалик тўғри эмас. Келинг, тарихга назар соламиз. Сўнгги ўн йилликларда терроризм ҳақида жуда кўп ва тез-тез гапирилди. Ҳаммаси 2001 йил 11 сентябрда бошланди. Бутунжаҳон савдо марказидаги терррористик ҳужумларни ким амалга оширганини эслайлик?  Ёш, ўқимишли одамлар, баъзилари ҳатто Европа ва АҚШда ўқиб, иккитадан олий маълумотга эга бўлган кишилар эди. Уларнинг ҳаммаси бадавлат оилалардан бўлишган.

Сурия ва Ироққа ИШИД назорати остидаги ҳудудларга, жумладан, маълумотли европаликлар, масалан, шифокорлар, менежерлар ва иқтисодчилар келишарди. Уларнинг ҳаммаси камбағал одамлар бўлишмаган. Нафақат ИШИД, балки Ал-Қоидага ҳам камбағал бўлмаган ўқимишли одамлар қўшилган. Демак, ёлланишнинг сабаби нафақат иқтисодий, балки мафкуравий омилга ҳам боғлиқ. Гарчи молиявий ваъдалар ҳам ХТТга ёлланишда салбий роль ўйнайди.

– Интернет ва ижтимоий тармоқларда радикал ғоялар тарқалишига қарши курашиш мумкинми?

– Экстремизм ва терроризм ғояларини тарқатувчи контентни блоклашда кўп нарса хусусий сектор – бундай интернет платформа ва серверлар эгалари билан ҳамкорликка боғлиқ. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар эгалари Европа тилларидаги зарарли контентни тезда блоклаб қўйса, интернет тозалиги учун масъул бўлган хусусий сектор ҳуқуқшуносларида ўзбек тили билан боғлиқ лингвистик муаммолар юзага келади. Умуман олганда, осон жараён эмас.

Хусусий секторни зарарли контент ҳақида хабардор қилиш учун муваффақиятга тезроқ эришиш учун фуқаролик жамияти институтлари ва фойдаланувчиларнинг ўзлари жалб қилиниши лозим.

– Ёшларни террорчи бўлиш эҳтимолидан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

– Бунинг учун турли йўналишларда – экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда радикаллашувга олиб келадиган ғоялар тарқалишининг олдини олиш, қарама-қарши ва муқобил насиҳатлардан (йўл-йўриқ) кенг фойдаланиш зарур.

Экстремизмнинг бузғунчи ғояларини англаш орқали ёшларда ўзини ҳимоя қилиш инстинктини уйғотиш, қонунбузарлик учун жазо муқаррарлиги ҳақида гапириб ўтиш зарур. Ёшларда ҳалокатли қарорлар қабул қилишга имкон бермайдиган танқидий фикрлашни ривожлантириш лозим. Медиасаводхонлик ва фактчекинг ёшларда бўлиши лозим бўлган энг самарали воситадир.

Ёшларда экстремистик ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш зарур. Ёшлар уруш бўлаётган хорижий мамлакатларда ўзлари танимайдиган одамлар ҳақида эмас, балки оиласи, ота-онаси, фарзандлари ҳақида қайғуриши керак.

Ва, албатта, айтиб ўтилган заифликларни камайтириш керак. Ушбу чора-тадбирлар биргаликда фуқароларимизни экстремистик ва террористик ҳаракатларда иштирок этишдан муваффақиятли ҳимоя қиладиган яхши профилактика ҳисобланади.

– Диний экстремистик ва халқаро террористик ташкилотларнинг ҳибсга олинган аъзолари доим ҳам ўз қилмишларидан сабоқ оладими?

 – Ҳар доим ҳам эмас, лекин етарлича тез-тез. Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази, афсуски, жазоланганидан кейингина ўз хатоларини англаб етган ёшлар ҳақида ҳикоя қилади.

Кўпчилик учун Сурия ёки Афғонистондаги ҳарбий жиҳодда қатнашишдан кўра, оиласи, қариндошлари билан яшаш, уларга фойдали бўлиш устувор вазифага айланади. Аммо ёшлар буни тақиқланган ташкилотларда қатнашгани учун судланганларидан кейингина англай бошлайдилар.

– Сўнгги йилларда фуқароларимиз ўртасида диний атрибутларнинг кенг тарқалиши кўпчилик ўзбекистонликларни хавотирга солмоқда. Бу хавотирлар асослими?

– Ислом динининг ташқи атрибутлари ички ташвиш уйғотади, чунки бизнинг онгимизда бундай кўриниш бошқа мамлакатларда содир бўлган террор хуружлари билан боғлиқ. Аслида, ташқи атрибутларнинг ўзида ҳеч қандай даҳшатли нарса йўқ. Суннат аёлдан ўралган бўлишини, эркакдан эса соқол ўстиришни, лекин ташқи кўриниши тоза бўлишини талаб қилади. Бу дин нуқтаи назаридан нормал ҳолат, шу унутмаслик лозимки, ҳар қандай дин бир қатор ижобий ахлоқий даъвадларни ўзида мужассам қилади.

Радикаллашув динга иштиёқдан эмас, билимсизликдан, яхши таълим йўқлигидан келиб чиқади. Ёшларда эшитган ёки онлайн ўқиган нарсаларини танқидий баҳолаш учун ҳаётий тажриба етишмайди.

– Албатта, кўплаб фуқароларимизни Афғонистонда ҳокимият алмашаётгани  ташвишлантирмаслигининг иложи йўқ. Қўшни давлат янги ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона ниятлари ҳақидаги баёнотларини қанчалик жиддий қабул қилиш мумкин?

– Бугун Афғонистоннинг ўзида Толибон жуда кўп муаммоларга дуч келишди. Нафақат ҳокимиятни қўлга олиш, балки мамлакатни самарали бошқара олиш ҳам муҳимдир. Ҳозирча Толибон бу борада қатор қийинчиликлар билан тўқнашмоқда.

Шу билан бирга, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг радикал мафкурачилари Толибонларни  эътиқод учун ҳақиқий курашчилар сифатида мисол қилиб келтириш баробарида, уларнинг ғалабасидан сўнг фаоллашишди.

– Айрим экспертларнинг фикрича, Толибон ҳокимиятга келгач, Афғонистон яна унинг тарафдорлари ва бошқа террорчи гуруҳлар учун бошпанага айланиши мумкин. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– ИШИДчиларнинг у ерда мустаҳкам ўрнашиб олишга уринаётгани ҳақида кўп гапириляпти. Аммо Толибон “ал-Қоида” тарафдорларидир, “ал-Қоида” ва ИШИД эса – бу икки қутб, улар учун ўзаро келишиши жуда қийин. Яна Толибон халқаро эътироф қилинишни исташади, шунинг учун улар ҳеч бўлмаганда ташқи томондан турли террористик ташкилотлардан узоқлашишга ҳаракат қилишади. Аммо Афғонистондек давлат ҳақида башорат қилиш – бу жуда нозик масала.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда бўлиши номақбул  деб топилган шахслар рўйхати шакллантирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-998-сон, 15.11.2024 й.) билан "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги Ўзбекистон...

Больше похожих статей

×