Президент томонидан 15.01.2022 йил “Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Фармон Президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6199-сон Фармони ҳамда 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5054-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 10 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 25 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2022 йил 1 майдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади.
Ташаббускорларга ажратиладиган грант маблағлари:
- онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
- грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.
Фармон билан Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.