Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишди.
Ташриф чоғида Президентимизга ҳарбий-академик лицейдаги ўқитиш тизими ҳақида маълумот берилди.
Темурбеклар мактабида бешта кафедра: аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар, психология ва тарбия фанлари ҳамда касбий-амалий фанлар кафедралари очилган. Уларга юқори малакали педагоглар очиқ танлов асосида қабул қилинган.
Лицей тарих фани ва хорижий тилларга ихтисослашган. Бугунги кунда 220 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда.
Президент лингафон, психодиагностика ва маънавият хоналарини кириб кўрди. Амир Темур меросини ўрганиш марказида ёшлар билан суҳбатлашди.
— Мана шундай илғор мактабда ўқиётганингиз билан сизларни, ота-оналарингизни табриклайман. Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак. Мана, бу мактабда психология фанини ҳам киритдик, униям яхши ўрганинг. Сизларда ҳамма имконият бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда видеоконференция орқали Тошкент, Нукус, Фарғона ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари билан ҳам мулоқот бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан лицей кутубхонаси ҳам кўздан кечирилди. Ўқувчилар орасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бор.
— Мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди, ҳаммасининг ривожланиши учун шароит яратаяпмиз. Фақат қайси ёш ўзини қийнаб, вақтини бекор ўтказмай, кўпроқ билим олса, келажакда муваффақиятга эришади. Ҳамма буюклик ниятдан келади, меҳнатдан келади, — деди Президент.
Темурбеклар мактабининг Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академияси билан ёнма-ён барпо этилгани ҳам аҳамиятли. Бу ерда талабалар ва ўқувчилар ҳамоҳанг муҳитда, устоз-шогирд, ака-ука бўлиб камолга етади.
Президент ушбу академиядаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.