Мамлакатимизнинг Лондон шаҳридаги Элчихонаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 январидан бошлаб Буюк Британия Ўзбекистонда берилган коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларини расман тан олади.
Бунда агар ҳужжат эгаси қуйидаги вакциналардан бири билан мамлакатга келишидан камида 14 кун олдин эмлашнинг тўлиқ курсини тугатган бўлса, эмланганлик сертификати ҳақиқий деб тан олинади: Covaxin, Moderna, Janssen (битта доза), Novavax (Nuvaxovid и Covovax), Oxford/AstraZeneca, Pfizer/BioNTech, Sinopharm Beijing, Sinovac-CoronaVac.
Сертификатнинг тан олиниши эмланган Ўзбекистон фуқароларига Буюк Британияга коронавирусга ПЗР тестини тақдим этмасдан кириш имконини беради ва уларни 10 кунлик карантиндан ўтиш мажбуриятидан озод қилади. ПЗР тести ўрнига, келгандан кейинги иккинчи куни фақат ИФА тестидан (lateral flow test) ўтиш лозим.
Батафсил маълумот Британия ҳукумати веб-сайтида эълон қилинган.