Эзгу мақсадларга эришиш учун ҳормай-толмай меҳнат қилаётган соф ниятли олим ва маърифатпарвар инсон Амирсаидхон Ҳалимович Усмонхўжаевнинг 2011 йилда нашр этилган “Динимиз фидойилари” номли китоби вақт синовидан ўтиб, Президент Ш.М.Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистонни бунёд этишга киришилган замонда янада долзарброқ бўлди. Ортда қолган даврда китобнинг тез тарқалиб кетиб, нодир асарга айланганлиги, бутун дунё ва мамлакатимизда рўй берган кейинги улкан воқеа-ю ҳодисалар, китобни янги маълумот ва хулосалар билан тўлдириб, қайта чоп этишга зарурат туғдирди.
Зотан, юртимизда тобора авж олаётган кенг қамровли ислоҳотлар бунёдкорларнинг, хусусан ёшларнинг билимли, ташаббускор, иймон-эътиқодли, буюк аждодларимиз каби фидойи инсонлар бўлишларини тақозо этади.
Бу эса, кўп жиҳатдан, халқимизнинг бой тарихини, дунё тамаддунига қўшган ноёб ҳиссасини, миллий қадриятларимиз ва маънавиятимиз сарчашмаларини билиш ва ибрат олишга боғлиқдир. Ана шу сарчашмалардан бири ислом динидир.
Демак, ислом динининг юртимизга кириб келиб, кенг тарқалиши, мусулмончиликнинг қарор топиши, бунда кимлар фидойилик кўрсатганлигини билишимиз, уларнинг ибратли ишларини давом эттириш бизнинг бурчимиздир.
Амирсаидхон Усмонхўжаевнинг ташаббуси ва меҳнати-ю саховатпеша инсон Анвармирзо Ҳусаиновнинг ҳомийлигида яратилиб, жорий йил 10 ноябрда Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясида тақдим этилганлиги, янги китобнинг ( «Динимиз фидойилари» /Тарих, хотиралар, сабоқлар/ (“TAFAKKUR».Ташкент, 2021),) ана шу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.
Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, асарнинг бош қаҳрамонлари бутун умрини бахшида этган ислом динининг ўзи чегара билмайдиган, барча элат ва миллатларни бирлаштирувчи жаҳоншумул ҳодисадир. Ҳа, шайх Эшон Бобохон, шайх Зиёвуддинхон ва муфтий Шамсуддинхон Бобохоновнинг юртимизда ислом динини тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари нафақат минтақамиз, балки бутун дунёда исломнинг обрўйини оширди, мавқеини мустаҳкамлади. Чунки, минтақамиз, хусусан Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги алоҳида ўрни, ислом маданияти, илму маърифатига қўшган бебаҳо ҳиссаси Машриғу Марғибда эътироф этилган.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон муфтийси вазифасини моҳирлик билан бажариб келган шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддинхон қорининг бевосита иштирокида ташкил топиб, улар моҳирлик билан раҳбарлик қилган минтақавий диний тузилма (ЎОҚМДН, САДУМ) миллатлараро ташкилот сифатида фаолият кўрсатганди. Китобда бу ҳақда кўплаб маълумотлар берилган.
Айни пайтда, Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва кейинчалик шайх Зиёвуддин минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлишган. Муҳими, улар бу масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлар: ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олиб, бўлажак ҳожиларни унга тайёрлаш ва муқаддас қадамжоларнинг зиёратини рисоладагидай ўтишини таъминлаш масалалари билан шахсан шуғулланганлар.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг узоқни кўрувчи ва келажакни ўйловчи раҳбарлари – муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан яна бири диний муассасалар (бошқарув тузилмалари ва жоме масжидлари) учун кадрларни тайёрлашнинг йўлга қўйилиши бўлди. Уларнинг ташаббуси ва таклифлари билан қадимдан исломий дину маърифат ўчоғи, дини ислом қуввати бўлиб келган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий институтининг очилиши бу соҳадаги муҳим қадамлар эди. Бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрладилар. Мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида етук мутахассислар, диний жамоаларнинг етакчилари, масалан, Чеченистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Аҳмад ҳожи Қодиров, Озарбойжон муфтийси Пошшо-Зода ва бошқа таниқли дин арбобларининг борлиги фикримизни тасдиқлайди.
Муфтий Бобохоновлар диний-маърифий, ташкилий-мувофиқлаштириш, ўқув-тарбия масалалари билан бирга халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берардилар. Бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатдилар, ўзимизда ҳам диний анжуманларни ўтказишга эришдилар. Уларнинг таклифига биноан Иттифоқ ҳукумати ҳузуридаги Диний кенгаш қошида Халқаро бўлим тузилиб, шайх Зиёвуддинхон унинг биринчи раҳбари сифатида 20 йил ишладилар. Улардан сўнг ушбу бўлимга Шамсуддинхон ҳазратлари раҳбарлик қилдилар. Кейинчалик шундай бўлим САДУМ (ЎОМДБ)да ҳам ташкил қилинди. Муфтийлар, шунингдек, қатор республика, бутуниттифоқ ва жаҳон тинчликппарвар ташкилотларининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, уларнинг оммавий тадбирлари ва халқаро конференцияларида иштирок этдилар. Совет тинчлик қўмитаси Ўзбекистон бўлинмасининг йиғилишларидан бирида мен ҳам қатнашиб, Зиёвуддинхон қорининг ислом динини тинчликпарварлик моҳияти, халқимиз нима сабабдан урушларга қарши эканлигини тушунтирганлари гувоҳи бўлганман.
Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, маданий-гуманитар ва диний алоқалар кенгайгани ҳам ҳақиқатдир. Маълумки, Зиёвуддинхон қори малакатимизнинг дипломатик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ишига билвосита, Шамсуддинхон ҳазратлари эса 1994-1998 йилларда Миср Араб Республикасида, 1998-2001 йилларда Саудия Арабистони Подшолигида ва ўриндошлик асосида Бахрайн, Жазоир, Йордания давлатларидаги Ўзбекистон Республикасининг фавқуллода ва мухтор элчиси бўлиб бевосита ҳисса қўшди.
Юқоридаги мисоллар ва тақдимотдаги китобда келтирилган кўплаб ишончли фактлар асосида ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда нуфузли ўрин эгаллашига муфтий Бобохоновлар қўшган салмоқли ҳисса чиндан ҳам тарихий ва умумжаҳон аҳамиятга моликдир.
Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, сиёсатшунос.