Ҳаётда ўз ўрнини билган инсон қутлуғ ишлар илинжида яшайди. Гапнинг индаллосини айтсам, Махмудхон ака Тоиров билан “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналидаги фаолиятимиз меъзонида танишдик. Унинг содда ва бир сўзли, самимий характери, дунёқарашининг кенглигидан катта ва фидоий оилада тарбия топганлигини ҳис қилдим. У оила деган муқаддас масканни қадрлайди, ўғил, ота-она, ака-ука, опа-сингил, тоға, амма-хола, дўст-биродар каби дунёвий сифатларга лойиқ инсон. Йиллар давомида у кишининг ижоди билан танишдим, ўзимча кўпгина янги қирраларини кашф қилдим. Маънавият олами кенг, муҳташам, шеърияти, бадиий публицистикасини ўқиб, ўзига ҳосликни, бу дунёга айтар сўзи борлигини уқдим. Унинг назмида ҳам, азмида ҳам ҳаёт сабоқлари, донишмандона чизгилар мужассам.

Отаси Абдулҳақ ака Зангиота туманида хўжалик раҳбари, Бўка, Октябрь (ҳозир Чиноз) туманларида райижрокўм раиси, Оржоникидзе (ҳозир Қибрай)  туманидаги “Партия ХХI съезди” давлат хўжалиги раҳбари, Қуйлиқ иссиқхона комбинати директори лавозимларида ишлаган. Адабиётшуносларга, зиёли инсонларга, яъни қалам аҳлига дўст-биродар бўлган Абдулҳақ ака Навоийшунос олим Ҳамид Сулаймонов билан жуда қалин дўст бўлганлар. Адабиёт жараёнлари, мушоҳадаларига кўзи тушиб, қулоқ тутиб ўсган, болалигидан ҳавас қилиб, уларни тинглаган Маҳмудхон ака шеъриятга, алалҳусус китобга ошно бўлади.

         У ўзи айтганидек кичкина дарчадан дарвозага қараганда кўпроқ нарсани кўришга, эшитишга ва мулоҳаза қилишга шошилади. Кўз англамаган нарсани қалб билан англаш шоирона салоҳиятдир.

         1972-1977 йилларда Махмудхон ака Мирзо Улуғбек номли Миллий Университетнинг геология факультетини тугатгач, давлат бошқарувининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилади. Геолог, ижодкор Олий Мажлис котибияти Ташкилий-кенгаш бўлимининг депутатлар билан ишлаш бўйича катта референти, ушбу бўлим мудирининг ўринбосари, Олий Мажлис Раис ўринбосарининг ёрдамчиси лавозимларида ишлаган Маҳмудхон ака жуда кўп жамоат арбоблари, таниқли инсонлар билан дўст бўлиб, сиёсий ҳаётга кириб борди. Унда ҳар бир янгиликни вақтида англаш, ҳаётга тадбиқ этиш билан бирга ҳалқчиллик устунлиги бор. Тўғриси уларнинг оиласида тўғри сўзли, меҳнаткаш отанинг руҳияти, она меҳрининг муждаси доимо сезилади.

         Эсимда Маҳмудхон аканинг туғилган кунига 2016 йилнинг 1 февраль кунида журнал ходимлари бош муҳарриримиз Тоҳир Долиев раҳбарлигида йиғилдик. Даврамизга салобатли, ёши улуғ бир инсон ҳам келиб қўшилди. Бу киши Маҳмудхон аканинг акаси Физика-математика фанлари доктори, профессор Мансурхон Тоиров эдилар. Бу кекса, аммо тиниб-тинчимас фан фидоийси, олими замона ҳақида эшитганим бор эди. У киши билан шу куни яқиндан танишдик. Менинг қўлимга 2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп қилинган катта ва қалингина “Дўл тоғлари ва етти осмон” деб номланган китобини авайлабгина тутқаздилар. Қўлим кўксимда, китобни олар эканман, тадбирдан кейин, уйга боргунимча шошилдим. Бир томони ижодкор ва олим одам, иккинчидан Маҳмудхон аканинг акаси, учинчидан китобнинг номланиши ҳайратимни оширди. Илтимосларга биноан табрик сўзидан кейин ўзимнинг хоббим бўлган хоразмча лапар ва лирик қўшиқ ижро қилдим. Билсам улар оиласи билан Хоразм лапарлари ва қўшиқларига шайдо эканлар.

Маъзур тутасизлар, лирик чекиниш дея қолайлик, озгина мавзудан четга чиқмоқ қонимда бор. Туни бўйи китобни ўқидим. У шундай ёзилган эдики, биз билган икки олам, керак бўлса ақидамиз онгига сингдирилган ўн саккиз минг олам нуқтаи назари билан фикрий талқинлар мужассамлиги олим инсоннинг қарашлари ва истиҳоласи… Муаллиф “Қуръон” оятларига ҳолисона ёндошади, айрим янглиш фикрларни қатъий инкор этади. Айнан дўл ҳақидаги фикрларни таҳлил қиламиз:

— Дўлни вазни уни учирадиган шамол кучига боғлиқдир. Чунки, дўл “гувалача”си уни шамол учиргани сари катталашиб бораверади… Дўл ёғаётган ҳудуд узра муз тоғи сузиб юрган бўлади. Дўл булутлар ичида юзага келгани сабаб, улар қанча катталашса, дўл ёғиш эҳтимоли шунча ортади. Бу сўзлар “Қуръони Карим”да айтилган фикрларни тасдиқлайди. Бу ҳақдаги айрим қарашларни ҳижжалаб кўрсатганича рад қилади. Китобда берилган мақолалар ранг-баранг ва сермулоҳазалилик ила таҳрир руҳиятига эга улуғ даҳолар ва замон кайфиятига кенг урғу берилади. Дунёни дунёдай, Аллоҳни Аллоҳдай англаб олишга чорлайди. Замин одамларини хавфу ҳатардан огоҳлантириш билан бирга, эзгу сифатларини уйғотишга, маърифатпарвар ва инсонпарвар, дунёпарвар бўлишга чорлайди. Бизда эса муаммо талайгина. Уйғонмоқ ва уйғотмоқ даврининг буюклари илтижо қилади, таъкидлайди. Бугунги инсоният олдидаги вазифа ҳар бир кунни эзгу маърифатга ошнолик билан ҳаёт ҳақиқатини англаб, келажак авлодлар учун она Ерни, меҳру муҳаббатни азалий қолдирмоққа ҳаракат қилмоқдан иборат.

Зеро, мен Маҳмудхон Тоиров ҳақидаги фикрдан бироз чалғидим. Эҳтимол, бу чалғиш эмас, икки ака-ука, оилавий илм заковат аҳли, адабиёт ойинасининг илкис боғланишига даҳлдорликдир.

— Фалсафа фикр қўрғонида етилган кўзгуга қўнган чеҳра, — дегим келади. Шу ўринда Маҳмудхон Тоиров кўрганларини лўнда ифодалашга интилади. “Келинингни қизингдек кўр, куёвингни ўғлингдек кўр, лекин уларнинг иззатини жойига қўйишни унутма!”,“Инсон учун фарзандининг илк айтган сўзини Афлотуннинг фалсафасидан, илк ёзган харфини эса энг буюк санъат асаридан юқори баҳоланиши табиий хол”, — деганича чуқур мулоҳазаларни баён қиларкан, у ота кўнглидаги муҳаббат мавжланган дамлардан илҳом олади.

У сўзларни бўямайди, яширин баҳс қилмайди, оддий, равон ва жўн шаклни танлаганича бадиий ифода яратади. Айрим ким томонидандир баён қилингандай сезилган ташбеҳлар ҳам ниҳоятда халқона баён қилиниб, ҳаёт ақидалари ечимларини тўлдиради.

Аслида биз инсонлар ёш ўтгани сайин донишмандона фикрлай бошлаймиз. Негаки, ҳаёт саҳнасида ўқиб, уқиб, изланиб, сийланиб ва синалиб кўнгил кўзи очилади, дил таъбирга юз очиб ишқ ҳам ўз манзили ва мавзусига етиб сайқал топади ёки залолат ичида қоришиб  синовларга учрайди. Бардош эса бизнинг тобланган кўнглимизни маҳкамликка, собитликка, дунёвийликка етаклаб, доно фикрларни жамлаб тин олмай ёзишга ва авлодларга қолдиришга даъват этади. Бу муаззам инсон ҳам шундай кўнглида борини, бардошидан тўкилган дурларни индамай қоғозга тушираверади.

Ҳаёт сўқмоқларида бошдан кечирганлари унга сабоқ беради: “Истеъдодли одамлар ўзлари кашф қилган дунёда яшаганликлари учун Яратгувчи яратган бу кўхна дунё сирларга тўла, айнан инсон меҳнати ва кашфиётлари билан борлиқ шаклланади”. Кўриниб турибдики, ўз оламида собит шахс борлиқни ўзидай қабул қила олади.

Фикрларни қушга айлантириб учирма қилган истеъдоднинг яна бир қирраси унинг туйғулари ифодаланган шеърларидир. Назму иҳлосда ҳам ёшига ҳос ечим ва иштибоҳ мавжуд:

Ўзида куч топиб нафсини тийган

Ҳар эзгу мақсадга етиши мумкин.

Эгнига ўлгунча шоҳи зар кийган

Дунёдан кафансиз ўтиши мумкин.

Юракдан айтилган бир салом билан

Жоҳилни ҳақ йўлдан юргизиш мумкин.

Топиб айта билсанг бир калом билан

Хастани оёққа турғизмоқ мумкин.

Имонинг бўлмаса майли юз карра

Қўнган омадингдан нолишинг мумкин.

Эътиқод топилса танангда зарра,

Арслонни измингга солишинг мумкин.

Асли касби геолог бўлса-да, турли жанрдаги теран мулоҳазалар, кечинмалар акс этган шеърлар, фардлар, қайдлар, наср ва назм аралаш публицистик қарашлар акс этган ранг-баранг ижод сарчашмаларига ҳеч ким бефарқ қарай олмайди. Ахир, бари кўнгилдан кечган туйғуларнинг жилоланишидан тўкилган инжулар. Унинг фарзандларидек азиз битиклари. У “Бир кам дунё” сарлавҳали шеърида шундай ёзади:

Дунё кўп қизиқ-да, қошу, ёй ярим,

Яримдир шаҳд шиддат, ярим туйғулар.

Хаттоки осмонда, қаранг, ой ярим

Туш аро уйқулар, яримдир тунлар…

Ярим ойга ўхшаб қайрилган нафис қошлар. Ёйга ўхшаб қайрилган ярим туйғулар… Тунда тўлин ойни кутган кўнгилга ярим ойнинг шикаста боқиши. Шу билан бирга тушнинг ярмида бўлиниб, тунни ярим қилиб уйқудан кечган ижодкорнинг изтироблари.. Гоҳ қоғозда ярим қолиб кетган шеърлар, ҳикоялар, ташбеҳлар… Бўлиши мумкин! Яна бошқачароқ мулоҳаза юритсак: Тунни ярим қилувчи тушни кўрган инсоннинг уйқуси ярим бўлиб, ярим ойга маҳлиё боқиши… Бу ярим аслида бутун фикрнинг уйғонган ярим туйғуси, қудрати эмасми? Оилада ҳам икки ярим бир бутун деб ота-онани талқин қиладилар.

“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали таҳририятига илк бор Хоразмдан келиб, дўстимиз, элдошимиз, ўзбек модерн шеъриятининг дарғаси, таниқли журналист Бахром Рўзимуҳаммад таклифига биноан бордим. Кўплаб журналистларга устоз, шоир Тоҳир Долиев таклифи билан жамоага қўшилдим. Жамоада Маъмуржон Комилов, Холҳўжа Мирзаев, Маҳмудхон Тоиров каби бир қанча касбининг фидоийлари билан танишдим. Бу ерда ҳайдовчидан тортиб раҳбаргача ҳаммада самимиятни, тўғри сўзлиликни, журнал иши учун куйинчакликни кўрдим.

— “Бу дунёнинг дунёлиги яхшиликдан”, — дейди Маҳмудхон ака.  Қалдирғочнинг қанотини қоғоз қилган шоирларимиз бор экан, яхшиликнинг қудрати дунёга тенглиги ҳақиқатдур.

— “Қийшиқ ҳасса билан оқсоқланмай юриш қийин”, —  деб ёзади у ёлғиз сатрларининг яна бирида. Ҳасса қийшиқ бўлгандан кейин уни ушлаган қўл ҳам қийшайиши аниқ. Кўнгил ҳам шундай, қийшаяверса тўғриламоққа хожат йўқ! Кўнгил, айнан ижодкорнинг кўнгли асло қийшаймасин!

Яна бир битикда “Қониқиш туғилганда тараққиёт тўхтайди”, — дейди у мусаввир чизиб берган ранглардай тасвирий бир тўхтамга келиб. Ҳа, агар ёзганларимиздан қониқсак, балки ёзмай қўярмидик? Кечагина ёзган шеъримиз ёки насрий бадиямизни эртага танқидий назардан ўтказамиз. Бир ўқиганим бор, ҳижрон ва соғинч куйчиси буюк шоира Зульфияхоним айтган эканлар: — Шеъримни илк бор ёзиб ўқиганимда ўзимни катта шоир ҳисоблайман. Бирон бир нашрга ёки газетага босилиб чиққанидан кейин қачон шоир бўламан?, — деб ўйлардим. Зотан, шоир қалбини теранлигини ифода этган қониқмасликнинг ўзи бир чеҳра, ўзи фасоҳат!

Фикр қушларини тутиб, қоғозга томган беқиёс сўз лаззатини туюб яна ўқиймиз:

— “Овоза қилинган “ҳақиқат” аксарият холларда ёлғон бўлиб чиқади”. Наҳотки, бу сўзлар сиёсатнинг кўксидаги болалаган хатоларни назардан ўтказиб ёзилган бўлса!? Зеро, Ўзбекистон деб аталмиш диёримизнинг 70 йиллик умри иттифоқ занжирлари остида, пахта яккаҳокимлиги даври қарашлари билан қатоғонларда ўтди. Зиё аҳлининг, деҳқону тадбиркорларнинг кунини, ризқини қирққан хатолар… Бу камми? Овоза қилиниб ва қилинмай ноҳақ отиб юборилганлар қисмати ташлаган дардлар юракни ҳозиргача кемиради. Ким эди улар? Ўзбек эди, ўзлигини англаган деҳқон эди, олиму доно, адибу шоир, зукко носир эди улар. Бир нодон қўлидаги тилло балиқнинг нидолари нечун ғурбатда қолган қисмат товушини алангалатмасин? Бу одамлар истиқболга айланаётган аланга, иқболга интилган чўғ эдилар-ку! Замона зўрники бўлди.

Донишу алломаларни туғдираётган, сўз сеҳрини индаллосию таманноси билан эшитувчи ўзбекнинг янги Ўзбекистони бизга қувват берди, имкон ва илҳом берди. Дилдагини тилга кўчириб, меҳру муҳаббатдан садо берамиз. Беҳос занжирларни узиб ташлаган оломон каби фикр таҳламини бир-бир дурга чайиб оламиз. Бу янги Ўзбекистоннинг янги авлодига янги сўз, янги ижро, янгича садоқат ва  ижод намунасини яратиш завқи суруридир.

Адабиёт майдонида жавлон ураётган кучли жамоа бугун қайсидир овлоқларда макон тутиб яширин яшаётгандир. Янги йўналиш ва янги овозлар кашф қилинмоқда. Япроқ илдиздан куч олгани каби адабиёт ҳам маърифат булоқларидан тошиб чиқади. Ҳаёт битикларини битиб, ечимларини излаб ижод қилаётган инсон кўнгил денгизидан марварид тераётганга ўхшайди. Маҳмудхон Тоировнинг марваридлари ҳам беқиёсликка интилиб, мия қобиғидан ўтади ва ақлни чарҳлайди ва тиндиради, маънавий озуқа беради. Эртак ҳам шунчаки эрмак эмас, дегани каби Маҳмудхон ака айтган теранлик “ …эшикнинг остонасидан ичкарисига ҳам, ташқарисига ҳам ҳатлаб ўтади”.

Фикрлар иникоси бўлмиш “Ҳаёт битиклари” китоби Маҳмудхон аканинг нигоҳлари чизиғидан ўтиб, ақлий оламига сингиб қоғозга тўкилган ҳикматларидир. Улар сайқалли ё сайқалсизми барибир охорли ва нимтатир туйғуларга ошно. Уйғотгувчи ва ўйлантиргувчи кучга эга. Ўрнини билган ташбеҳ, таассуротлар ногоҳ санчилгандек ўзига жалб қилади. Тўғри, бу ҳамма биладиган сўз бўлиши мумкин. Аммо,  муаллифнинг сўз йўналиши сал суронли, сал юмшоқ ва салгина ўткирликка йўғрилган. Асл мақсад  шу, ҳар кимга ёқадиган йўлни топа билишда!

— “Афсуски, башанг кийим баъзиларнинг нодонлигини яширишга ҳам қодир”. Бу сўзни башанг кийимли, нотўғри қадам босаётган сатанг эшитса қандай холга тушади?

— “Дўст билан китобнинг қиймати эскирган сари ошиб бораверади, “Камбағал пойгада биринчи бўлса ҳам, жойи пойгакда қолаверади, — дейди у. Бу тимсолларни умримиз давомида қанча учратдик! Тўғри таъриф айрим раҳбарларга ҳам, кимсаларга ҳам ёқмас, бироқ бор ва аниқ, очиқ ҳақиқат. Бу каби тизимли сатрларни ўқиган филология фанлари доктори, профессор Малик Муродов “Насрий рубоийлар” деб таъриф бериши ҳам бежизга эмас.

Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида яширинган ҳақиқатлар, ўзбек оиласининг саҳнаси, муҳит зиддиятлари, йигит лафзи, севгининг мўъжизакорлиги, ота ва она тимсолларининг буюк ва қудратли эканлиги, аёлнинг ички туйғулари бари ногоҳ кўз ўнгингиздан ўтади. “Бу қутлуғ даргоҳдан қуруқ кетмайдилар”, деган сўзнинг ўзи қадр-қимматли, танти ҳалқимиз борлигини эслатувчи манбадир. Оиланинг муқаддаслигини ёш авлодга  ўргатиш кекса авлод олдидаги шарафли ва маънавий бурчдир.

— Энг олий мактаб — ҳаёт мактаби, энг узун  йўл — ҳаёт йўли, —дейди Маҳмудхон Тоиров. Шу сўз изини тўлдириб, ўзига насиҳат қилади: —Қуёшнинг чиқиши ҳам, ботиши ҳам нақадар гўзал. Шу гўзалликка муносиб ҳаёт кечирайлик.

Зеро, ижод бўстони кенг, биз кимларнидир ижодига бефарқдирмиз, бу айбимиз албатта. Кенг қалблиларга маскан бу оламда Маҳмудхон Тоировнинг фалсафий теран асарлари эҳтимол асрлардан асрларга ўтиб, дунё ҳалқларига ҳам етиб борар. Ҳар бир китоб қатидан нур сочиб турса, ва бу нур эзгулик нури бўлса ёйилиб яшнаса қанийди. М.Тоировга ўзбегимнинг фарзандларини, ҳамжамиятимиз келажагини оқил ва тадбирли, мушоҳадали бўлишга  чорлаган бадиий савияси пухта китоблар яратаверишида омад ва соғ омонлик тилаб қоламиз.

                   Шукуржон  ЖАББАРОВА (ЖОЗИБА), шоира,

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь