Самарқанд ва қўшни Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги кенгликларда жойлашган Нуробод туманида “Олға” қишлоғи бор. Қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Истиқлолнинг илк йилларида очилган ширкат хўжалиги бугунги кунда қоракўлчиликка ихтисослашган МЧЖ шаклида фаолият кўрсатади.
Чорвачилик жасорат талаб қилади.
Айни пайтда хўжаликда 7500 бош қоракўл қўй боқилади. Суҳбатдошларим хўжалик раҳбари Тўра Розиқов, ветеринар врач Салим Бердиев ва зоотехник Неъмат Хидировлардир. ”Халқимизда деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда барака келтиради, деб бежиз айтишмаган,- дейди суҳбатдошларим. Чорвачилик тақдирини ҳам иқлим белгилайди. Масалан, 1996 йили ҳаддан ташқари йил қурғоқчилик келган эди. 1998 йилда эса қор кўп ёққанлигидан, қишда чорва бош сонини сақлаб қолиш қийин кечди. Мана бу йил ҳам чорвага оғир келди. Қишда ёғин бўлмади. Эрта баҳор келган совуқ, ўт-ўланни уриб кетди. Майсалар унмай қолди. Ёз ҳаддан ташқари иссиқ келди. Биз асосан Нуробод чўлларида қўй боқамиз. Янтоқ, камғоқ, каррак, шувоқ, озгина коврак чорвага озуқа ҳисобланади. Мана шу машаққатларга дош берган чорвадоргина, ҳақиқий чўпон бўла олади.”
МЧЖ шаклидаги чорвачилик хўжалигида 7500 бош қўйнинг 3100 боши она қўй, 80 таси зотдор қўчқорлардир. Яйловлар Муборак, Косон, Чироқчи,туманларида жойлашган. 20 оилавий пудратда Рахмон Назаров, Бекмурод Жуманов, Мавлон Исаев, Баҳодир Ибодуллаев, Алишер Тўраев, Шерали Жумаев, Баҳодир Бердиев ва бир қатор азамат чўпонлар чорва ташвишлари билан банд.
Норхўроз ҳожининг қаҳрамон ўғли.
“Олға” қишлоғида 78 ёшли кекса мураббий ҳожи Норхўроз Тўраев яшайди. У киши аёли Шаҳодат момо билан 5 қиз, 5 ўғил, 46 невара, 8 чеварага бош қош. Қарши Давлат педагогика институтини тугаллаб келгач, 40 йилдан ошиқ ёшларга она тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Шогирдлари Ўзбекистонимизнинг барча жойларида ҳалол меҳнат қилишмоқда.
“Ўтган йили юксак мукофот — “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор унвонига муносиб кўрилиб тақдирландим,-дейди у кишини фарзанди тажрибали чўпон Машраб Тўраев. 5 фарзандим бор. Ўзим ўрта маълумотли ветеринарман. Ўғлим ҳам шу касбга қизиқиб, ветеринария медицинаси институтига ўқишга кирди. Чорвачилик бизга ота-боболаримиздан мерос касб. Уни ардоқлаб заҳматига дош берсангиз, асло кам бўлмайсиз.”
Бу йўллар кўп қадим йўллардир.
Кейинги йилларда чорвачиликни ривожлантиришга оид бир қатор фармон, қарорлар эълон қилинди. Унга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Чорва озуқасини мустаҳкамлаш, яйлов ҳосилдорлиги ошириш, чўпонга моддий кўмак бериш, наслчиликни мустаҳкамлашга эътибор бугун кўп жиҳатдан эътибор қаратилмоқда. Боиси, чорва маҳсулотлари мўллиги туфайли халқимизнинг рўзғори бут,тўкин. Унинг азоб уқубатларига кўп сонли чорвадорларимз маъсул, камарбаста.
Автобус Нуробод тумани марказига узун ва ўнқир-чўнқир қишлоқ йўлларидан ниҳоят етиб келди. Ана шу йўллар шаҳар ва қишлоқни боғлаб турибди. Ўз ташвишлари билан овора йўловчилар бир зумда шаҳарга сингиб кетишди. Мен эса ана шу чўллар бағрида умргузаронлик қилиб меҳнат қилаётган барча заҳматкашларни чинакам бугунги кун қаҳрамонлари дегим келди.
Ўлжабой ҚАРШИЕВ