18.2 C
Узбекистан
Воскресенье, 6 октября, 2024

Шавкат Мирзиёев – янги Ўзбекистон ислоҳотлар меъмори

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,910участниковПодписаться
- Advertisement -

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Янги Ўзбекистон асосчиси Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотлар таҳлили мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг барча соҳаларида муҳим ва туб ўзгаришлар амалга оширилганлигини англатади.

Албатта, мамлакат Президенти лавозимидаги фаолият натижалари, давлатимизда сайлов компанияси бошланиши жараёнида, Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентлик сайлови пойгасининг мутлақ етакчисига айлантиради. Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан сиёсий ва иқтисодий ҳаётда кенг кўламли амалий ўзгаришлар бошланди. Ўзбекистон иқтисодиётида либерал ислоҳотлар олиб борилди, давлат ва жамият ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилди, сўз, дин ва эътиқод ҳамда демократик эркинликлар соҳасида туб ўзгаришлар қилинди, минтақа давлатлари билан муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имиджи сезиларли даражада яхшиланди.

Хусусан, иқтисодий соҳада Ш.Мирзиёев даврида саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун етарли шароитлар яратилиб, бундай омиллар айниқса тўқимачилик, саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотчилик, фармацевтика ва туризм соҳаларида яққол намоён бўлди, бу соҳлар тизимли равишда қўллаб-қувватланди ва ривожланди.

Энг муҳими, валюта бозоридаги ўзгаришларни инқилобий деб баҳолаш мумкин, боиси тарихимизда кузатилмаган равишда Ўзбекистон фуқаролари ва корхоналари чет эл валютасини чекланмаган ҳолда бозор курси бўйича сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлди. Маълумки, илгари маҳаллий аҳоли фақат қора бозорда чет эл валютасини сотиб олишлари мумкин эди, экспортдан тушган даромадни расмий курс бўйича сотишга мажбур бўлган корхоналар учун валюта чекловлари хорижий сармояларни жалб қилишдаги асосий тўсиқлардан бири эди.

Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш тизимли равишда амалга оширилди, бизнес юритиш шартлари соддалаштирилди, экспортни рағбатлантириш механизмлари жорий этилди, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда монополияга барҳам берилди.

Бунга ҳамоҳанг равишда, солиқ органларини қайта ташкил этиш, такрорий солиқларни бекор қилиш ёки бирлаштириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, тадбиркорлар учун солиқ таътилини жорий этиш мақсадида солиқ ислоҳотлари ўтказилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Президенти чет эллик ҳамкорларга уларнинг молиявий ресурслари ва мулкларининг дахлсизлигини шахсий ҳимоясини кафолатлади. Бундай кафиллик хорижий сармоядорлар томонидан юқори баҳоланиб, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ошди. Натижа Ўзбекистонда инвестиция муҳитининг яхшиланишига, унинг сармоядорлар орасидаги мавқейига ижобий таъсир кўрсатди. 2019 йилнинг “коронаинқироз”дан олдинги даврида Ўзбекистон хорижий инвестициялар оқими ўсишида етакчи давлатга айланди. Йил давомида ташқи инвестициялар ҳажми бирйўла
2,3 баробар ошиб, 4,2 миллиард долларни ташкил этди.

Шубҳасиз, Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан давлат ҳокимиятнинг халққа бўлган муносабати тубдан ўзгарди.

Ўзбекистон Президентининг асосий янгиликларидан бири – халқ билан кенг кўламли мулоқот жараёнининг бошланишида кузатилди. Президентнинг виртуал қабулхонаси аҳолининг муаммоларини ҳал қилишга қодир механизмга айланди, бунда мамлакатнинг барча фуқаролари мурожаат қилиши мумкин бўлиб, Ўзбекистонда бундай институтнинг яратилиши ҳақиқий ютуқ бўлди. Фаолияти давомида Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонасига 1 353 967 та мурожаат келиб тушди. Бу одамларнинг давлат раҳбарига ва янги институтга бўлган ишонч даражасини кўрсатади.

Президент томонидан илгари сурилган “халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилиб, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги амалий иштирокини таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилди, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли ўсишни бошлади.

Бундан ташқари, Президент Администрацияси раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари иштирокида оммавий қабулларни ташкил этиш тизими шакллантирилди. Биргина ўтган 2020 йилда 19 мингдан зиёд сайёр қабуллари ташкил этилиб, уларда 120 мингга яқин аҳолининг 124 мингдан ортиқ муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан коррупцияга қарши курашнинг кенг қамровли тизими барпо этилди. Бу борада мамлакатимизда илк маротаба аниқ ҳуқуқий асос белгилаб берилди, яъни “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” қонун қабул қилинди. Бу соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун масъул коррупцияга қарши кураш органи тузилди. Коррупцияга қарши механизмларни жорий этиш ва давлат органлари ишининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, давлат идораларининг бюджетдан ташқари маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги, давлат иштирокидаги ташкилотларнинг харидларини, шунингдек, давлат субсидиялари ва грантлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш амалиёти жорий этилди. Шундай қилиб, Президент давлат институтлари фаолиятининг максимал шаффофлигини таъминлаш сиёсатига қатъий риоя қилишини амалда намоён этди, бу эса уларни аввало жамоатчилик эътиборида бўлишга имкон беради.

Натижада мансабдор шахсларнинг қиёфаси ўзгарган, бундан буён улар ўз кабинетларида ўтирмайдилар, балки ижтимоий тармоқларда фаол мулоқот қиладилар, муаммолар ҳақида гапиришдан қўрқмайдилар, нафақат ўзбек ОАВ ва блоггерларига, балки, хорижий оммавий ахборот воситаларига интервю берадилар. Коррупцияга қарши курашнинг юқорилаш тенденцияси Transparency International индексида ўз аксини топди, яъни Ўзбекистон 2018 йилдаёқ бу борада сезиларли ижобий натижа кўрсатган 16 давлат рўйхатига киритилган.

Охирги беш йил давомида суд-ҳуқуқ тизими ҳам тубдан қайта кўриб чиқилди. Суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди, шунингдек маъмурий судлар ташкил этилди. Жиноят кодексининг иқтисодий ва солиқ соҳаларига оид бир қатор моддалари “декриминаллаштирилди”, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишнинг жиноий-ҳуқуқий механизми яратилди. Бундан ташқари, жиноят қонунчилигини тубдан либераллаштиришни амалга ошириш давом этмоқда, бу борада Президент топшириғига биноан жиноят ва жиноят -процессуал кодексларининг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда.

“Халқ манфаатларига хизмат қилиш”дек эзгу ғоя асосида Ички ишлар органлари тизими ислоҳ қилинди, унинг асосий фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилди.

Ислоҳотлар натижасида адлия органларининг адолатли судловни амалга оширишга қаратган эътиборлари сезиларли даражада ошди. Масалан, 2017 йилдан 2020 йилгача 2,5 мингдан зиёд фуқаролар оқланди, ҳолбуки, бундан беш йил олдин улар сони саноқли эди. Агар илгари тадбиркорларнинг давлат органларига қарши иш юритиши бўйича қабул қилинган қарорларнинг тадбиркорлар фойдасига бўлганлари кам миқдорни ташкил этган бўлса, бу борадаги бугунги статистика унинг аксини кўрсатмоқда. 2017 йилдан бери маъмурий суд ишларининг 70 фоизга яқини тадбиркор ва фуқаролар фойдасига ҳал этилган.

Бундай ислоҳотларга параллел равишда, паспорт тизимида ҳам том маънодаги “инқилобий ўзгариш”лар кузатилди. Президент ўз фармонлари билан фуқароларни олдиндан махсус “рухсатнома стикерини” олиш мажбуриятидан озод қилди ва архаик институт бўлган “прописка” тартибини бекор қилди. Бу ислоҳот ишга жойлашиш, ҳаракат чекланиши, кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқининг йўқлиги, тиббий ёрдам олиш, пенсия ва кредит олиш, фарзандларни болалар боғчаси ва мактабларга жойлаштириш каби ўндан ортиқ комплекс муаммоларни бартараф этишга имкон берди.

Ислоҳотлар жараёнида таълим соҳасидаги трансформацияларга тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Билим ва таълим хизматлари сифатини яхшилашнинг стратегик аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёев “Билим бўлмаган жойда қолоқлик, нодонлик ва, албатта, тўғри йўлдан оғиш бўлади”, деб таъкидлади. Шунга асосланиб, модернизациялар учун катализатор бўлган инсон капиталига сармоя киритиш бўйича тизимли ишлар бошланди. Шу боисдан, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий ўқув юртларини ташкил этиш, уларнинг академик мустақиллигини таъминлаш ва қисқа вақт ичида соғлом рақобат муҳитини яратиш асосида олий таълим муассасалари сони 77 тадан 141 тага яъни икки бараварга ортди, шу жумладан. 26 хорижий ва нодавлат муассасалари ва университетлари очилди. АҚШ, Буюк Британия, Италия, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Япония ва бошқа бир қатор нуфузли университетлар Ўзбекистонда ўз филиалларини очдилар. Ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш ва Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга ошириш марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Қабул қилинган чора-тадбирлар ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 28 фоизгача етказиш имконини берди. Илгари бу кўрсаткич 9 фоиздан ошмаган. Мамлакат ушбу кўрсаткич бўйича халқаро рейтингнинг энг паст қаторларини эгаллаган. Эндиликда минглаб ёшлар ўз Ватанида ўқиш ва ижтимоий пиллапояларга кўтарилиш имкониятига эга бўлишди.

Фуқаролик сектори билан бир қаторда ҳарбий таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилдилди. Хусусан, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан қисқа вақт ичида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлар тармоғи шакллантирилди, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ташкил этилиб, дунё тажрибасида ноёб бўлган ва мамлакат тарихида илк марта ёшларга олий ҳарбий таълим муассасасида умумфуқаровий асосда ўқиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга Президент 2030 йилгача Олий таълим тизимини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлади ва олий таълим билан қамровни 50 фоизга етказиш назарда тутилди. Бу олий таълим муассасаларининг аниқ мақсад ва режа асосида фаолиятига қўйилган пойдевор бўлиб, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди ва халқаро таълим стандартларига мос равишда ОТМларнинг маҳаллий рейтинг тизими жорий этилди.

Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, спорт билан шуғулланиш ва уни оммалаштиришга алоҳида урғу қаратди ва Токиодаги ёзги олимпиада ва паралимпиада баҳсларида юртимиз спортчиларининг қўлга киритган юксак натижалари бу борада танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканлигини кўрсатди.

Шуниси эътиборга лойиқки, сўнгги йилларда ёш болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш икки баробар ошиб, 60 фоизни ташкил этди ва болалар боғчалари сони уч баробар кўпайиб, ҳозирда
14 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

Ислоҳотлар деярли барча соҳаларни қамраб олди: қонун ҳужжатлари ва соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич амалга ошириш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, тиббиёт фанини ривожлантириш, “электрон соғлиқни сақлаш”ни кенг жорий этиш, телетиббиёт ва бошқа соҳаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишига замонавий стандартлар киритилмоқда, шу билан бирга илгари мавжуд бўлмаган икки мингдан зиёд ижтимоий дорихона ва 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилган.

Бир нечта тиббий марказлар янгидан барпо этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладор аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва ҳажмини яхшилаш мақсадида Иккинчи перинатал марказ қурилди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Миллий болалар тиббий маркази ташкил этилди.

Мамлакатда ҳудудий филиал ва бўлимлари бўлган шошилинч тиббий ёрдамнинг ягона тизими яратилди. Диагностика ва даволашда бир қатор инновацион техника ва ташкилий ишланмалар жорий этилди. Хусусан, мамлакатнинг барча ҳудудларида “бола ёшидаги жароҳатлар” бўлимлари ташкил этилиб, уларнинг ўлим даражаси 19 фоиздан 12 фоизга, ногиронлик эса 30 фоиздан 22 фоизга камайтирилди.

Хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар туфайли хусусий тиббиёт муассасалари сони қарийб 6 мингга етди, 2020 йилнинг ўзида республикада 403 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

Бугунги кунда тиббиётни молиялаштириш соҳасида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2018 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15,4 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан икки баробар ошганлигини англатади. Агар 2019 йилда тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағлар 12,1 трлн. сўмни ташкил этса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 20 трлн сўмга тенг. Бу келажакда олиб борилаётган ишлар самарадорлиги янада ошишига ишониш учун асосдир.

Шавкат Мирзиёев даврида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият анча яхшиланди. Маълумки, 2016 йилгача оммавий ахборот воситалари ҳақиқатдан ажралиб турганлиги “ҳақиқат” бўлиб, жонли эфирлар кўрсаткичи минимум даражада; Электрон оммавий ахборот воситалари давлат идораларининг пресс-релизларини қайта чоп этишгагина хизмат қилиб хусусий контентларга деярли эга эмасди. Бироқ, ҳозир вазият жуда ўзгарган – журналистлар мамлакатнинг ҳақиқий ижтимоий-сиёсий ҳаётидан воқеаларни ёритишни бошладилар, материаллар коррупция, раҳбар ходимларларни мансабини суиистеъмол қилиш, ўткир муаммоларни танқид қилишни ўз ичига олди.

Ижтимоий тармоқлар асосий муҳокама майдонига айланди ва мамлакатда таниқли блоггерлар пайдо бўлди.

Журналистлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди тузилди.

Сўз эркинлиги соҳасида кўрилган чоралар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланди – 2019 йилда Ўзбекистон Матбуот эркинлиги индексида “қора зона”дан чиқарилди.

Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришлар эътиборга лойиқдир.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан у ёки бу даражада экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг “махсус рўйхати”дан чиқарилди, бундай “рўйхатлар” ни юритиш амалиёти тугатилди. Бундан ташқари, биргина 2019 йилнинг ўзида экстремизмда айбланган 472 киши афв этилган. Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳаракатларга маҳаллий ва халқаро жамоатчилик томонидан жуда ижобий муносабат билдирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг чақириғини қўллаб-қувватлаган ҳолда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўз фуқароларини уруш зоналаридан ватанларига қайтариш тўғрисидаги резолюцияси мажбуриятларини қабул қилди. Оғир аҳволда қолган 530 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари (асосан болалар ва аёллар) “Меҳр” гуманитар операцияси доирасида Сурия ва Ироқ ҳудудларидан ватанларига қайтарилиб, дунё оммаси учун ҳақиқий маънода ўрнак бўлишди.

Қолаверса, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги қонуннинг янги таҳрири диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштирди, жамоат жойларида диний кийим кийиш таъқиқини истисно қилди ва диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний деб эълон қилинди.

2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг
72-сессиясида Ўзбекистон Президенти “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди ва 2018 йил декабр ойида БМТга аъзо барча давлатлар бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар ва ушбу ҳужжатни қабул қилдилар.

Мамлакатдаги ички ўзгаришларнинг натижалари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўъ-эътиборига салмоқли таъсир кўрсатди. 2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга яъни, 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу сайловларда Ўзбекистон энг кўп овоз олди — БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси мамлакатимизни ёқлаб овоз берди. 2005 йилдан бери биринчи марта АҚШ Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни фуқароларнинг диний эркинликлари бузилган давлатлар рўйхатидан олиб ташлади.

Қисқа вақт ўтиб Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблиянинг
75-сессиясида энг юқори минбардан туриб, дунё оммасини мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликка чорлаган ҳолда ўта муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайганлигини эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакат ташқи сиёсати тарихида янги даврни бошлади, бунда асосий эътибор минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатишга хизмат қиладиган прагматик ва очиқлик сиёсатига қаратилди.

Биринчи навбатда республиканинг қўшни давлатлар –
Қирғизистон ва Тожикистон билан алоқалари тубдан яхшиланди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини бир неча бор таъкидлаб, минтақанинг марказида бўлган республика унинг барқарор ривожланиши ва яхши қўшничиликдан манфаатдор эканлигини эътироф этган.

Ташқи сиёсат ва ҳамкорлик соҳасида ўтган қисқа вақт ичида кўплаб масалалар бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги битим имзоланди. Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга амалий ташрифлар уюштирди.

Албатта, Шавкат Миромонович Мирзиёев шахсан Марказий Осиё давлатларини бирлаштиришда муҳим рол ўйнайди. У минтақавий муаммоларни конструктив ҳал этиш ва умумий фаровонлик майдонини яратишнинг муҳим шарти сифатида кўп томонлама мулоқот ўрнатиш учун ғоят муҳим ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу мамлакатларимиз қардош халқларининг асосий манфаатларига жавоб беради ва бугунги кунда Марказий Осиёнинг барча давлатларида ҳар томонлама қўллаб -қувватланмоқда.

Тожикистон раҳбари Э.Раҳмон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда Ўзбекистон Президентининг ролини юксак эътироф этган ҳолда, шундай таъкидлайди: “Тўпланган муаммолар шу қадар қисқа вақт ичида ҳал бўлишини тасаввур қила олармидик?! Ҳатто халқаро ташкилотлар ҳам бунга ишонишмади. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида ҳал қилинмаган муаммолар йўқ, ўзаро ишонч муҳити ўрнатилди. Бу муносабатларнинг ташаббускори ва меъмори Шавкат Мирзиёевдир”.

Ўзбекистон раҳбари 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ишончли ва конструктив руҳда муҳокама қилиш ва Марказий Осиё давлатларининг умумий муаммоларини биргаликда ҳал қилиш учун самарали платформа сифатида ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Марказий Осиё мамлакатларида саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш бошланди, қўшма сармоявий компаниялар ва жамғармалар яратилмоқда, транспорт ва транзит соҳасидаги ўзаро алоқалар кенгаймоқда, чегаралараро савдо ва минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик, “халқ дипломатияси”, парламентлар соҳасидаги алоқалар сезиларли даражада ошди, натижада халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатлар билан ҳамкорликка қизиқиши кучаймоқда. Марказий Осиё минтақаси тобора кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати аллақачон аниқ натижаларни бермоқда: 2016 йилдан 2019 йилгача Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми икки баробардан зиёд ошди, яъни 2,5 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларгача кўтарилди.

Ташқи сиёсатнинг конструктив векторини Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериклари йўналишида кузатиш мумкин. Фақатгина 2017 йилнинг мартидан – ноябригача Россия Федерацияси,  Қозоғистон, Хитой, АҚШ ва Жанубий Кореяга расмий ташрифлар чоғида умумий қиймати 53,6 миллиард долларлик келишувларга эришилганини қайд этиш кифоя.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг янги ҳарбий доктринаси
(2018 й.) қабул қилинганлигини таъкидлаш муҳим, унга Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлигини, конструктивликни ривожлантиришнинг устуворлигини тўлиқ намойиш этди. Энг яқин қўшнилар билан муносабатлар, шунингдек, мамлакат мудофаа сиёсатининг шаффофлиги, бошқа хорижий давлатлар билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳарбий-сиёсий муносабатлар самарадорлигини ошириш устувор вазифага айланди.

Бу борадаги ислоҳотлар жараёнида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган янги тузилма – Миллий гвардия ташкил этилиб, бугунги кунда тизимга масъулиятли вазифаларнинг ишониб топширилаётгани Президент томонидан билдирилган ишонч намунасидир.

Айтиш мумкинки, Ш.Мирзиёевнинг фаол позицияси туфайли минтақада янги сиёсий муҳит вужудга келди, ўзаро ҳамкорлик жараёни барқарор, илғор ва энг муҳими, қайтарилмас характерга эга бўлди.

Ш.Мирзиёевнинг етакчилик фазилатлари коронавирус пандемиясига қарши тадбирларни ташкил қилишда ҳам намоён бўлди.

Президентнинг шахсий раҳбарлигида мамлакатнинг ижтимоий ва моддий ресурслари сафарбар қилинди. Қисқа вақт ичида учта карантин шифохоналари қурилди, 30 мингга яқин “койка крават” ташкил этилди. Биринчи навбатда аҳоли саломатлигини сақлаш, вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш учун 200 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ва 150 хорижий мутахассислар жалб қилинди.

Пандемия туфайли қийинчиликларга дуч келган нафақат тадбиркорлар, балки оддий фуқаролар ҳам эътиборидан четда қолмади. Уларга солиқ имтиёзлари, қарзларни кечиктириш ва 66 триллион сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.

Кўп сонли ватандошларни қамраб олган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Кўрилган чоралар билан санитар-эпидемиологик вазият ишончли назоратга олинди ва асосий инсон манфаатлари давлат учун устувор вазифа бўлиб қолаётганини ўз исботини топди.

Умуман олганда, Шавкат Миромонович Мирзиёев давридаги Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатига доир таҳлиллар шуни кўрсатадики, инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги устувор вазифалари тизимининг ибтидоси бўлади. Бу давлат раҳбарининг барча ислоҳотларида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Айнан шунда республика раҳбарининг мамлакатни модернизация қилиш стратегиясининг ўзига хослиги, уни аҳоли ва хорижлик ҳамкорлар орасида кенг қўллаб-қувватлаши намоён бўлади.

Барча соҳаларда шиддатли ва изчил ислоҳотлар илҳомчиси бўлган Шавкат Мирзиёев билан учрашган Белорусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко бир гал “Шавкат Мирзиёев билан гаплашганимда унинг истиқболдаги янги стратегик режаларини, шиддатини кўриб қўрқиб кетаман” деганида ҳақ эди.

Ҳеч шубҳа йўқки, янги президентлик муддатига ишонч билдирилиши билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилашнинг концептуал йўналишини давом эттиради.

Зеро халқимиз ислоҳотлар меъмори ҳисобланган Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловида тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва биргаликда Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшашига ҳамда “Учинчи ренессанс”ни биргаликда қуришига ишонади!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист

ю.ф.д., профессор М.Х.Рустамбаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Марказий Осиё Форуми: Фан, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишда аёлларнинг ўрни

Сўнгги йилларда қишлоқ аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёт фаровонлигини ошириш, касбга йўналтириш ва янги ишчи...

Больше похожих статей

×