Яшаш учун кетадиган сарф-харажатларни ҳисоблаган Mercer маслаҳат ширкати қайси ўлчовлар бўйича атиги бир миллион аҳолиси бўлган шаҳарни жаҳоннинг энг қиммати, деб атамоқда? –деб хабар беради ВВС.
Дунёнинг энг қиммат шаҳри мақомини олган Ашхобод Гонконгни иккинчи ўринга тушириб юборди.
Кейинги ўринлар Ливан пойтахти Байрутга ва Япония пойтахти Токиога насиб этди.
Йиллик ҳисобот жаҳоннинг 209 шаҳридаги уй-жой, транспорт ва озиқ-овқат учун кетадиган сарф-харажатларни хомчўт қилган.
Mercer ширкатининг билдиришича, мазкур ҳисобот учун улар 200 хилдан кўпроқ хизмат ҳамда маҳсулотлар нархини ўрганиб чиқишган.
Шаҳарлар нега ўрганилади?
Шаҳарлардаги нархларга оид ҳисобот барча давлатлар ва йирик ширкатлар учун ўта муҳим.
Улар шунга қараб, бирон мамлакатга борадиган ишчи-ходимларининг сарф-харажатини белгилашади ва уларга маош тайинлашади.
Mercer ҳисоботидаги олди ўнталик, одатда, жаҳоннинг йирик ва ривожланган бизнес марказлари саналадиган шаҳарлар бўлади.
Иқтисодий ўсиш ва маҳаллий аҳоли даромадлари юқорилиги ҳам уларда нархларнинг қимматлашувига таъсир этади.
Аммо Ашхободнинг ушбу рўйхат бошига чиқиши асло унинг ривожланган шаҳарлигини кўрсатмайди.
Аксинча, Туркманистон пойтахтини энг қиммат шаҳарга айлантирган воқелик — мамлакатдаги иқтисодий муаммолар.
Ачинарли биринчилик
Mercer ширкатидан Жан-Филипп Сарранинг AFP хабар агентлигига айтишича, Ашхободдаги «маҳаллий инфляция баландлиги» шаҳарни ўтган йилги иккинчи ўриндан биринчиликка олиб чиққан.
Туркманистон — ўта қаттиқ авторитар бошқарув ва йирик газ бойликлари билан танилган давлат.
Аммо бу ерда узоқ вақтлардан бери давом этаётган иқтисодий инқироз аҳолини қашшоқлик гирдобига ташлаган.
Туркманистон иқтисоди, асосан, Россия ва Хитойга сотиладиган табиий газ савдосига боғланиб қолган. Жаҳонда газ нархлари тушиб кетгани эса мамлакат иқтисодига салбий таъсир этмай қолмаган.
2014 йили жаҳонда энергетика захиралари нархи тушиб кетиши ортидан инфляция кучайиб, озиқ-овқат нархлари қимматлашганди.
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари гуруҳи эса коронавирус пандемияси «Туркманистондаги мавжуд озиқ-овқат инқирозини баттар кучайтириб юборганини» таъкидлаган эди.
Сўнгги ҳисоботда урғуланишича, 2016 йилдан бери озиқ-овқат тақчиллиги кучайиб келмоқда ва одамлар арзонроқ имтиёзли озиқ-овқат олиш учун соатлаб навбатда туришади.
Шунда ҳам, кўпинча уни ололмай, уйларига қўллари бўш қайтишади.
Туркманистон ҳукумати эса май ойида Ашхободни кенгайтириш бўйича катта миқёсдаги ишларни бошлаб юборган.
Президент Бердимуҳаммедов пойтахтни «дунёдаги энг фаровон шаҳарлардан бирига айлантиришга» аҳд қилган.
Кескин тенгсизликлар мамлакати
Абдужалил Абдурасулов таҳлили — BBC News:
Айни ҳисобот Туркманистондаги кескин тенгсизликларни яна бир бор намоён этади.
Кўплаб ашхободликлар энг муҳим озиқ-овқат сотиб олишга ҳам қийналишади.
Озиқ-овқат тақчиллиги бутун мамлакатни қамраб олган ва одамлар оддийгина нон ёки ун сотиб олиш учун ҳам дўконлар ташқарисида соатлаб навбатда туришади.
Аммо бу ерда бошқача Ашхобод ҳам бор.
У — ялтироқ ва мармар бинолардан иборат пойтахт.
Ҳукумат эса ундан ташвиқот сифатида фойдаланади ва Туркманистон дунёдаги энг фаровон мамлакатлардан бири деган фикрга ҳаммани ишонтирмоқчи бўлади.
Айни пайтда, мамлакат бозорига кирмоқчи бўлган хорижий ширкатлар ана шу тасаввурни кучайтиришга ҳисса қўшишлари керак.
Туркманистонда топилган дунёнинг энг улкан газ конларидан бири йирик энергетика ширкатларини ўзига тортади.
Унга етишишни истаган ширкатлар Туркманистонда иш юритиш учун ёзилган ва ёзилмаган қоидаларга риоя қилишлари зарур.
Бу дегани — уларнинг ходимлари уй ижарасидан тортиб, озиқ-овқатгача, яъни ҳаммаси учун катта пул тўлашади.