Жаҳон банкининг Ўзбекистонга бераётган ушбу кредити Қашқадарё ва Сурхандарё вилоятларидаги шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш учун 30 йилга ва жуда паст фоизларда ажратилди.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларда “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида муниципал хизматлари ва инфратузилмани яхшилаш учун Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан 100 млн AҚШ доллари ажратиш тасдиқланди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Бу маблағ Ўзбекистонга жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида берилмоқда.
Қайд этилишича, лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ҳокимликлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган.
Лойиҳада сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш, электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш, жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш, тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишлари олиб борилади.
Тахминан 4 млн одам ёки ҳар иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.