Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида»ги Конституциявий қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолади.
Янги қонунда мамлакатдаги барча туманга бўйсунувчи шаҳарлар, қишлоқлар, поселкалар ва қишлоқ округлари маъмуриятларининг раҳбарлари (акимлар) тўғридан-тўғри аҳоли томонидан сайланиши жорий қилинмоқда. Номзодлар бирор партиядан ёки мустақил равишда илгари сурилиши мумкин.
Қозоғистонда 2021 йилнинг иккинчи ярмидаёқ (маҳаллий ижро ҳокимлигига сайловлар шу пайтда ўтади) 836 та маъмурий бирликда акимларнинг тўғридан-тўғри сайлови бўлиб ўтади.
Яна парламент сайлови натижасига кўра, парламентдан жой оладиган партиялар учун овоз йиғиш чегараси 7 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
Яна бир қизиқ ўзгариш бу барча даражадаги сайлов бюллетенларида «ҳаммага қарши» графаси киритилади. Яъни сайловчи ҳеч бир номзодни белгиламай, уларнинг ҳаммасига қаршиман, деган қисмни белгилаши мумкин бўлади.