Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 271-сон қарорида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчилардан автомототранспорт воситасини бошқариш учун нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома, техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга, яъни қорайтиришга рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни автомототранспорт воситаси ҳайдовчисидан талаб этиш тартиби бекор қилиниши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расмий саҳифасида эълон қилинди.
Шу муносабат билан ИИВ ЙҲХББ томонидан “e-Protokol” ахборот тизими такомиллаштирилиб, йўл патруль ходимларига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган планшетлар ёрдамида “ID карта”ни ўқиш орқали фуқаронинг эгалигида мавжуд бўлган автотранспорт воситалари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олган ишончномалари, суғурта полислари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
2021 йил 19 майдан бошлаб “ID карта”лари мавжуд бўлган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ишончнома ва суғурта полисларини «ID карта» ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилди.
«ID карта» орқали текширилганда, маълумотлар аниқланмаган ёки тизимда узилишлар бўлган ҳолатларда барча ҳайдовчилардан инспекторга ушбу ҳужжатларни аслини тақдим этишиларини, шунингдек, вазиятни тўғри тушунишларини сўраб қоламиз», — дейилади бошқарма хабарида.