2021 йилнинг 6-7 май кунлари Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқинлари кузатилди.
ФВВ ахборот хизмати маълум қилишича (https://fvv.uz/uz/news/noqulay-ob-havo-oqibatlari-bartaraf-etilmoqda), табиий офат оқибатида Андижон вилояти «Қирғиз» канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги кўчалар орқали 278 та турар-жойларнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган.
Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонабод шаҳар, «Тейит» МФЙ, Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган фуқаронинг жасадлари ФВБ ёнғин-қутқарув бўлинмалари шахсий таркиби томонидан топилган.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия, Транспорт, Энергетика вазирликларининг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда табиий офат оқибатлари бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.