Тошкент вилоятида Facebook’да Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан сохта профиль очиб, ўзини масъул идораларда ишлайдиган қилиб кўрсатган ва бу орқали одамлардан пул ундирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, номаълум шахс сохта профиль орқали фуқаролар билан мулоқотга киришган ва ўзини президент Администрацияси раҳбари деб таништириб келган.
Шунингдек, унинг тармоқ фойдаланувчиларига турли масалаларда, айниқса, уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилиб, алдаб фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача бўлган пул маблағларини банк пластик картасига туширган ҳолда ўзлаштириб, фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Олинган тезкор маълумотлар натижасида, 2021 йил 5 февраль куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида тезкор-техник қидирув тадбирлари ўтказилиб, ушбу ноқонуний ҳаракатларни Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи 1982 й.т., М.М. содир этганлиги аниқланиб, телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Айни вақтда фуқаро М.М. га нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.