Бироқ, аксарият ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари таъсисчилигида ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахcлар бошқа тиллардан олинган сўзлар асосида фирма номини танлаб рўйхатдан ўтиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Масалан, ҳозирги кунда Республика миқёсида “GROUP” (таржимаси – гуруҳ) сўзи иштирок этган 8 553 та, “GRAND” (таржимаси – юқори) сўзи иштирок этган 3 766 та, “GOLDEN” (таржимаси – олтин) сўзи иштирок этган 1 997 та, “CITY” (таржимаси – шаҳар) сўзи иштирок этган 1 696 та маҳаллий корхоналар фаолият юритиб келмоқда.
Чет тилларининг бошқа сўзларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилган маҳаллий корхоналар сони ҳам талайгина.
Давлат тилида номларни захирасини шакллантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги «Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши давлат тилидаги фирма номларини захирага олишда тадбиркорлик субъектлари учун кенг имконият яратиши билан бир қаторда маҳаллий корхоналарнинг фирма номларини давлат тилида юритилишини ҳам таъминлаш имконини беради.
Хусусан, мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари учун давлат тилида номлашнинг лингвистик меъёрлари ва методикаси асосида яратилган номлар захирасининг электрон дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва уни Давлат хизматлари агентлигининг Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимига интеграция қилиш ишларини амалга оширади.
Номлар захирасининг электрон дастурий таъминоти Тизимга интеграция қилингандан сўнг, тадбиркорлик субъектларининг фирма номини давлат тилида танлаш ва захирага олиш имконияти янада кенгаяди.
Камол ХАЛИКОВ,
Давлат хизматлари агентлиги бош юрисконсульти