Прокуратура департаментининг маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан АТ “Агробанк” Андижон филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, филиалнинг масъул вазифасида ишлаб келган Г.А. МЧЖ раҳбари М.О. билан олдиндан тил бириктириб, 2019-2020 йилларда 9 нафар фуқаронинг хабарисиз уларнинг номига сохта маълумотлар тайёрлаш орқали 129,5 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган ва уни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Шунингдек, Г.А. фуқаро Х.М. билан ҳам олдиндан тил бириктириб, 3 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар номига 90 млн сўм имтиёзли кредит ажратишга эришган. Шу тариқа уларнинг жами 219,5 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб ушбу кредит маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.