Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, 21 январь куни Андижон туманида яшовчи фуқаролар С.Ж. ҳамда Д.А.лар фуқаро О.Д.га 34 дона COVID-19 инфекциясини текшириш учун мўлжалланган сохта ПЦР-тестларни жами 1 млн 750 минг сўмга сотаётганида қўлга олинди.
Шунингдек, 29 январь куни, Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро З.Ж. ноқонуний равишда COVID-19 инфекциясини текшириш учун мўлжалланган 4 дона ПЦР-тестларни тегишли анализлар олмасдан, фуқаро С.С.га 320 минг сўм эвазига сотаётган вақтида ушланди.
З.Ж.дан 320 минг, С.С.дан 4 дона ПЦР-тестлари холислар иштирокида баённома орқали расмийлаштирилиб, Хўжаобод тумани ИИБ ихтиёрига олинган. Кейин аниқланишича, З.Ж. 4 дона ноқонуний равишда тайёрланган ПЦР-тестларни Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро А.Д.дан сотиб олганлиги аниқланди.
Фуқаро А.Д.дан 1 дона “Леново” русумли компютер ҳамда 1 дона “Epson” номли принтер далилий ашё тариқасида баённома орқали ИИБ ихтиёрига олинган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “Б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.