Вазирлар Маҳкамасининг тегиши қарори лойиҳасига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, республика олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга республика тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари бериш тартиби жорий этилади.
Белгиланишича, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари (давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиаллари)да бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.
Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 15 йилгача (амалдаги тартибда 10 йилгача), магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача (амладаги тартибда 5 йилгача) бўлган муддатга берилади.
Асосий қарз ва банк фоизлари қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.
Бунда, бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар таълим кредитлари бўйича банк фоизларини ойма-ой тўлаб боради ва кредитнинг асосий қарзини талабаларнинг ўқиш даври тугагандан сўнг, уч ой муддатдан кейин бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар 10 (ўн) йил ва магистратура мутахассислигида таҳсил олаётган талабалар 5 (беш) йил мобайнида қайтаради ва тегишли бюджет параметрларида акс эттиради.