Омбудсман ишга бораётганида вафот этган банк ходимаси оиласига 218 млн сўмлик компенсация ундириб берди

0
139

Омбудсман Матбуот хизмати маълум қилишича, ўтган йилнинг 17 декабрь куни жиззахлик фуқаро О.Т. турмуш ўртоғининг иш билан боғлиқ ҳолатда вафот этгани учун компенсация ундирилишини сўраб, мурожаат қилган.  

Аниқланишича, Халқ банкининг 1989 йилда туғилган собиқ кассири, марҳума М.Т. нинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган. Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ҳамда карантин муносабати билан сайёр касса хизматини кўрсатиш мақсадида АТ Халқ банки Жиззах вилояти филиалининг 2020 йилнинг 21 август кунги буйруғи билан марҳума М.Т. ҳамда 20 дан ортиқ ходимлар 22-23 август кунлари ишга жалб қилинган. 22 август яъни шанба куни эса собиқ банк ходимаси ишга кетаётган вақтида автоҳалокат туфайли вафот этган.

Бир неча ойдан сўнг, марҳуманинг турмуш ўртоғи Жиззах вилояти Бандлик бош бошқармасига рафиқасининг иш вақтида бевақт вафот этганлиги сабабли иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа миқдорининг ундирилишини сўраб мурожаат қилган. Лекин, “Халқ суғурта” МЧЖ шаклидаги суғурта компанияси бир неча маротаба ходимнинг ишга келаётган вақти иш вақти ҳисобланмаслиги важи билан суғурта қопламасини тўлаб беришдан бош тортган.

Шундан сўнг, Омбудсман содир бўлган мазкур бахтсиз ҳодисага меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва компенсация ундирилиши бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилди.

Мурожаат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, содир бўлган бахтсиз ҳодиса меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ деб топилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғи О.Т. фойдасига Халқ банки Жиззах филиалидан қарийб 218 млн сўм бир йўла тўланиши лозим бўлган нафақа ҳамда 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун улар 16 ёшга тўлгунларигача ҳар ойда 756 минг сўмдан зарар ундирилиши белгиланди. Агарда болалар кундузги ўқишни давом эттирсалар, ҳар ойлик сумма, улар 18 ёшга киргунларига қадар ундирилади.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь