Икки нафар ўзбекистонлик Токио олимпиадасида ҳакамлик қилишади. Бу ҳақда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Ҳакамлар қўмитаси маълум қилди. Ташкилот бу борада Ўзбекистон дзюдо федерациясига расмий мактуб йўллаган ҳамда тегишли сертификатларни тақдим этган. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Рамзиддин Саидов ҳамда Вячеслав Перетейко ҳакамлик вазифасини бажаришади.
Халқаро тоифадаги рефери Рамзиддин Саидов шу кунгача Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, «Шуҳрат» медали каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Халқаро тоифадаги рефери Вячеслав Перетейко ҳам IJF байроғи остида ўтказиб келинаётган барча турдаги мусобақаларда ҳакамлик қилиб келган.
У спортчилик фаолияти давомида асосан -90 кг вазн тоифасида беллашган. Афина-2004 Олимпиадаси иштирокчиси, Осиё чемпионатларининг кумуш ва бронза, Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори.