ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Тошкент вилоятида ҳайдовчига пичоқ билан таҳдид қилган 9-синф ўқувчиси қўлга олинганини, уни қўлга олишда маҳаллий фуқаролар ёрдам берганини маълум қилди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 1 февраль куни соат 15:00 ларда вояга етмаган 17 ёшли 9-синф ўқувчиси Эрлан З. Тошкент шаҳри Бектемир тумани ҳудудида жойлашган “Водий” шоҳ бекати олдида Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси 29 ёшли Абдунаби Х. билан уни ва оила аъзоларини Андижон вилояти Асака туманига олиб боришига келишиб, оила аъзоларини Оҳангарон тумани ҳудудидан йўл-йўлакай олиб кетишларини айтган.
Сўнг ярим йўлда Эрлан З. ёнида бўлган ошхона пичоғини Абдунаби Х.нинг бўйин қисмига тираб, ёнида бўлган бор пуллари ва буюмларини беришини талаб қилиб, ҳайдовчи Абдунаби Х.га тегишли бўлган нархи 1,5 млн сўмлик Huawei уяли телефон аппаратини, автомашинасини бошқарув пультини босқинчилик йўли билан қўлга киритган.
Шундан сўнг Эрлан З. ҳайдовчи Абдунаби Х.га автомашинасини Нурафшон шаҳри йўналиши бўйлаб бошқаришини талаб қилган, ҳайдовчи Абдунаби Х. автомашинасини Оҳангарон тумани Ойбулоқ МФЙ Ўзар қишлоғидан чиқишдаги автобус бекати рўпарасида тўхтатиб, бекатда турган нотаниш шахслардан ёрдам сўраган ва автобус бекатида ўтирган нотаниш фуқаролар Эрлан З.ни ушлаб ИИБ ходимларига топширишган.
Мазкур ҳолат бўйича Охангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Эрлан З.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.