Афғонистонда транспорт лойиҳаларини амалга ошириш афғонистонни минтақавий ҳамкорлик майдони, ўсиш нуқтаси ва минтақалараро савдо муносабатларининг ажралмас қисмига айлантириши мумкин

0
97

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасига Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Мухриддин Холбековнинг шарҳи

Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга ўзининг навбатдаги мурожаатини эълон қилди. Ушбу мурожаатда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз олдида турган қатор ички ва ташқи сиёсатга доир кўплаб долзарб масалалар кўтарилди, муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Шу жумладан Президентимиз томонидан илгари сурилган мухим баёнотларидан бири – бу Афғонистон муаммосини ҳал этиш ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган тизимли сай-ҳаракатларимизни узлуксиз давом эттирилиши ҳамда трансафғон транспорт коридорини барпо этиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилишидир.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу йўналиш Ўзбекистон дипломатиясининг устувор йўналишларидан бири ва бу йўлда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан тизимли, ҳар томонлама чуқур ўйланган ва прагматик сиёсат олиб борилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича сиёсий-дипломатик ва иқтисодий-транспорт йуналишлардаги ташаббуслари нафақат Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида минтақлараро ҳамкорликни, ўзаро боғлиқликни ривожлантиришда, келажакда бутун Евросиё ҳудудининг барқарорликнинг таъминланишида муҳим аҳамиятга эга.    

Ўз навбатида Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликни таъминлаш, мамлакатдаги тушкун иқтисодий холатни барқарорлаштириш ва Қобулни Марказий Осиёдаги иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш бўйича бўйича олиб бораётган самарали сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳо берилиб, доимий равишда эътироф этиб келинмоқда.

Қайд этиш лозимки кўшни давлатда узоқ йиллик урушни тўхтатишга қаратилган кўплаб саъи-ҳаракатларнинг муваффақиятсизликка учрашининг асосий сабабларидан бири бу – мамлакатда иқтисодиётни тикламасдан, аҳолининг мураккаб ижтимоий муаммоларини ҳал қилмай туриб, Афғонистонда тинчликка ўрнатишга бўлган интилиш.

Ушбу нуқтаи-назардан келиб чиққан холда, Афғонистонда уруш оловини ўчиришнинг, мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлига ўтишининг энг муҳим шартларидан бири бу – тинчлик ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, одамлар учун муносиб турмуш тарзини яратиш пойдевори устига қурилиши лозим. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда биргина шу йилнинг ўзида давлатимиз раҳбари томонидан БМТ, МДҲ ва ШҲТ минбарларида Афғонистондаги вазиятга тўхталиб, қўшни республикадаги можарони тинч йўллар билан ҳал этиш масаласида Ўзбекистоннинг стратегик ёндашувлари ва қўшни мамлакатдаги иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш юзасидан конструктив ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида Афғонистоннинг беқиёс геостратегик жойлашуви, яъни Осиё қитъасининг юрагидан жой олганлигини инобатга олган ҳолда  трансафғон транспорт йўлагини барпо этишни жадаллаштириш бўйича баёнот қилди. Ушбу ташаббус нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жахон хўжалик тизимига интеграциясини жадаллаштириб уни Ҳинд океанига олиб чиқади, балки Афғонистонда ҳам барқарор иқтисодиётнинг таъминланишига хизмат қилади. Бу Афғонистонда янги иш ўринлари яратилиши, электр энергия таъминотининг яхшиланиши, энг муҳими юклар транзитидан йирик даромадларнинг келишини англатади. 

Минтақамиз ва Афғонистон мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий имтиёзларга эга бўлади, минтақалар ўртасида  ижтимоий-сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам жадал суръатлар билан ривожланишига туртки бўлади. Шу ўринда бир қанча рақамларга эътибор қаратсак, жумладан янги трансафғон темир йўли барпо этилиши юкларнинг жаҳон бозорларига етказиб бериш муддати ва қийматини 30-35% га қисқартиришга имкон беради.

Ушбу йўналиш бўйича юклар Термиздан Жанубий Осиё бандаргоҳларига 8-9 кунда етиб боради, бир тонна юк нархи 72,4 долларга тенг бўлади. Айтиб ўтиш лозимки, экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб Ҳиндистон ва Покистоннинг Афғонистон ҳамда МДҲ давлатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 26 миллиард долларга етади (Хиндистон – 20 миллиард доллар, Покистон – 6 миллиард доллар).

Тан олиш лозимки бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг савдо ҳажми амалга оширилиши мумкин бўлган имкониятлардан анчагина йироқдир. Масалан, тўғридан-тўғри транспорт йўлакларининг йўқлиги сабабли Ўзбекистоннинг Ҳиндистон ва Покистон билан савдо айланмаси атига 500 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ҳолбуки Жанубий Осиё мамлакатлари бозори Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун энг истиқболли бозорлардан биридир. Умумий 1,9 миллиард аҳолига эга ва 3,5 триллион доллар ЯИМ эга бўлган Жанубий Осиё дунёдаги энг тез ривожланаётган минтақалардан биридир (йилига 7,5 %).

Экспертларининг хисоб китобларига кўра 2030 йилга келиб Ҳиндистон истеъмол хажми АҚШ ва Хитойдан кейин дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Минтақамизнинг экспорт салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари Ҳиндистон ва Покистон бозорларида муваффақиятга эришиши учун барча имкониятларга эга. Афғонистон транспорт йўлакларининг барпо этилиши эса ушбу йўналишда имкониятларимизни янада оширади. Масалан Мозори-Шарифдан Пешовар, Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўлларнинг барпо этилиши нафақат Марказий ва Жанубий Осиё балки Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари учун савдо соҳасида кенг имкониятлар очади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш натижасида Афғонистон минтақавий ҳамкорлик майдони, ўсиш нуқтаси ва минтақалараро савдо муносабатларининг ажралмас қисми сифатида намоён бўлади. Бу эса ушбу мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик таъминланиши учун муҳим асосни яратишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг Афғонистон масласига Олий Мажлисга қилган мурожаатларида яна бир бор эътибор беришлари нафақат миллий манфаатларимизга, балки Афғонистон ҳамда минтақа давлатлари ва дунё ҳамжамиятининг барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларига жавоб беради.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь